Сўнгги вақтларда республикадаги жуда катта майдонларда янги,интенсив усулдаги боғлар барпо этилмоқда ҳамда эскилари қайта ташкил этилмоқда. Уларнинг аксарият қисмини олма, гилос, шафтоли, олхўри, ток ва ёнғоқзорлар ташкил қилади.
Боғбон, деҳқонларимизнинг билим ва малакаларини ошириш, соҳадаги янгиликлардан хабардор этиб бориш янги боғларни тўлиқ кўкартириб олиш, мева касалликларидан самарали ҳимоялаш ҳамда мўл ҳосил етиштиришда муҳим аҳамият касб этади.



25 август куни Тошкент вилояти, Тошкент туманида AGRO HOUSE МЧЖ корхонаси, Норчонтол кўчатчилик хўжалиги ҳамда ECO DRIP LUX МЧЖҳамкорлигида фермер, деҳқонлар, кўчат етиштирувчи ва боғбонлар учун интенсив боғдорчиликка бағишланган семинар ташкил қилинди.
Унда халқаро интенсив боғдорчиликда катта тажрибага эга франциялик консультант Фабиен Мартел ҳамда ушбу йўналишнинг яна бир тажрибали консультанти, ўзбекистонлик Шуҳрат Аброров семинар иштирокчиларига замонавий интенсив боғларни барпо қилишдаги ўз тажрибалари билан бўлишдилар.


Жумладан, Фабиен Мартел Ўзбекистонда интенсив боғларни барпо этиш ва тупроқни тайёрлаш, интенсив боғларда ўсишни бошқариш, олма боғларида терим вақтини тўғри аниқлашнинг аҳамияти хусусида дунё тажрибаси ва бу борада қилинаётган янгиликлар ҳақида маълумотлар тақдим этди.
Биз франциялик мутахассисдан интенсив боғдорчиликни ривожлантиришда жаҳон тажрибаси ва бу борада Ўзбекистонда алоҳида эътибор қаратилиши лозим бўлган йўналишлар ҳақида фикрларини сўрадик.
























