Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Пойтахтдан уй олиш шунчалик қийинми ёхуд прописка тартиби қачон соддалаштирилади?
Kun.uz сайтида Тошкент шаҳри ва вилоятидаги пропискага доир эълон қилинган туркум мақолалар мени ҳам ушбу мавзуда қалам тебратишга мажбур қилди. Яқинда meningfikrim.uz жамоавий мурожаатлар порталига Тошкент шаҳри ва вилоятида кўчмас мулк сотиб олишдаги чекловларни бекор қилиш тўғрисида мурожаат билан чиқдим. Мурожаатим 3 август куни етарли овоз тўплаб, экспертиза жараёнига ўтказилди.
27 август куни порталдан менинг мурожаатимга рад жавоби келди. Жавобнинг мазмунида “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” давлат дастурининг 56-бандида “Фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш мақсадида доимий ва вақтинча рўйхатга қўйиш (ҳисобга олиш) тартибини соддалаштириш вазифаси белгиланган бўлиб тегишли қонун ҳужжатлари лойиҳалари ишлаб чиқилаётганлиги баён қилинган. Қизиқ ҳолат, ушбу порталда эълон қилинган мурожаатларнинг айримлари ҳам Давлат дастурида белгиланган эди, нега улар эълон қилинди. Шунингдек, портал Низомида Давлат дастурида эълон қилинган чора-тадбирлар кўриб чиқилмайди деб белгиланмаган-ку.
Бу ҳам майли, Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони билан қабул қилинган “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастурида Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий пропискага эга бўлмаган фуқаролар учун асоссиз спекуляциянинг олдини олиш чораларини кўрган ҳолда иккиламчи бозордан кўчмас мулк сотиб олишга бўлган чекловларни бекор қилиш белгиланган. Мазкур чора-тадбирлар 2018 йилнинг 20 мартига қадар ишлаб чиқилиши белгиланганди, бироқ йилнинг апрель, май, июнь, июль, август ойлари ҳам ўтиб кетиб бўлди. Чора-тадбирлар натижасидан ҳали ҳам дарак йўқ. Тўғрида, амалдорларимиз, депутатларимиз ҳар олти ойда нотариусга, туман ИИБга, солиқ органларига эрта тонгдан югуриб бормайди, соатлаб иссиқ ва совуқда навбатда турмайди, мени ишдан бўшатиб юбормасмикан деб хавотир олмайди, уйимни сотиб юбормасин деб қариндоши, танишига инсоф тилаб дуо қилмайди, ахир қорни тўқнинг қорни оч билан нима иши бор.
Тошкент шаҳри ва вилоятида кўчмас мулк сотиб олишдаги чекловларни бекор қилиш тўғрисидаги Давлат дастуридаги чора-тадбирларни ўз вақтида амалга оширилмаслиги, meningfikrim.uz жамоавий мурожаатлар портали Тошкент шаҳри ва вилоятида кўчмас мулк сотиб олишдаги чекловларни бекор қилиш тўғрисида мурожаатим портал томонидан рад қилиниши менда қандайдир ҳайратни вужудга келтирмоқда. Ахир дунёнинг йирик саноат, молия, маданият марказлари бўлмиш Лондон, Париж, Берлин, Рим, Нью Йоркда ёхуд аҳолиси 30 миллионга етган Токио, Мехико шаҳарларида ҳам кўчмас мулк сотиб олишда ёки бу шаҳарларда меҳнат қилишга оид ҳеч қандай чекловлар йўқ. Кўчмас мулк сотиб олиш ёки меҳнат қилиш бўйича чекловлар бўлмаса ҳам бу шаҳарларнинг иқтисодиёти гуллаб яшнамоқдаку, аслини олганда бозор муносабатларига асосланган демократик мамлакатда шахсни мулкдор бўлишини талаблар билан чеклашни ҳеч қандай сабаб билан оқлаб бўлмайди.
Ўтган йил юртимизда конвертация очилиши борасида бир қанча фикрлар билдирилган эди, айримлар томонидан конвертациянинг очилиши мамлакатимиз иқтисодиётига жиддий зарар етказиши тўғрисида башоратлар қилинган эди. Аммо мамлакатимиз иқтисодий ривожланишда давом этмоқда.
Ҳар бир Ўзбекистон Республикаси фуқароси мулкдор бўлишига, мамлакатимизнинг бир жойидан бошқа жойига ҳеч қандай шартларсиз кўчиш ҳуқуқига эга эканлигини унутмасак бўлди.
О.Пирматов