Аёлга нисбатан айниқса турмуш ўртоғи томонидан зўравонликнинг қайд этилиши соғлиқни сақлаш ва инсон ҳуқуқлари бузилиши йўлидаги жиддий муаммодир.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дунёдаги ҳар учинчи аёлга ҳаёти давомида ўз умр йўлдоши томонидан жисмоний тазйиқ ўтказилади. Турмуш қурган аёлларнинг 30 фоизи ҳамроҳи томонидан зўравонлик ҳолатларига дуч келганлари ҳақида маълум қилади. Аёллар ўлимининг 38 фоизи уларнинг турмуш ўртоғи томонидан амалга оширилади ва зўравонликка дуч келган аёлларнинг 42 фоизигина муаммо ҳақида очиқ сўзлайди.
Оилавий зўравонлик - ўз кўламига кўра глобал муаммо. У турмуш даражаси ва демократизация форматидан қатъи назар, дунёнинг барча мамлакатларида кузатилади. Аёллардан нафратланувчи эркакларни фақат қашшоқ ёки бадавлат, олий маълумотли ёки маълумоти йўқ, европалик ё осиёлик деб ажратиб бўлмайди. Бундайларнинг алоҳида бир миллати ё эътиқоди бўлмайди.
Афсуски, Ўзбекистон ҳам бундан мустасно эмас. Бизнинг мамлакатимизда маиший ёки "уй зўравонлиги"га кўпинча бир оила муаммоси сифатида қаралган. Одамлар бундай муаммоларни уйдан ташқарига олиб чиқмасликка ҳаракат қилишади. Аксарият ҳолатларда зўравонлик қурбони шармандлик ва турли гап-сўзлардан қўрқиб, жим юришга мажбур бўлади. Бундай вазиятда қолган аёлларнинг индамаслигига бир неча сабаб бўлади. Кимлардир молиявий ёрдамсиз қолишдан қўрқса, бошқалари фарзандлари ва ўз ҳаёти учун хавфсирайди. Зўравонлик қурбони бўлган аёл ҳар томонлама қийин ҳолатда қолади. Айниқса, ҳатто энг яқин инсонлари ҳам бу муаммони ҳал қилишдан ўзини олиб қочганда. Охир-оқибат бу доимий қўрқув, депрессия, ўз жонига қасд қилиш кабилар билан тугайди.
Муаммо, унинг сабаблари ва ҳал қилиш усуллари
Маиший зўравонлик нима? Маиший зўравонлик - бир инсон ўз умр йўлдошини тотал назорат остига олиб, ўзаро муносабатларда тўлиқ ҳукмронлик қилишга уриниши. Бу жисмоний ва ахлоқий устидан кулиш ҳолатларида ёки молиявий ҳолатини суистеъмол қилишда намоён бўлиши мумкин. Жисмоний зўравонлик жисмоний жароҳатларга олиб келади ва баъзи ҳолатларда ҳаёт учун хавф туғдиради.
- Аёлга қўл кўтарилади, калтакланади, жисмоний зўравонлик ишлатилади.
Ахлоқий зўравонлик - ўз "ўлжаси" устидан ҳукмронлик ўрнатишнинг самарали усули. Бу кўпинча ташқаридаги одамлар учун кўринмайди.
- Аёл таҳқирланади, танқид қилинади, унга, фарзандларига, қариндошларига зиён етказиш билан таҳдид солинади, доим назоратда бўлади, барча тадбирларда кузатилади, баъзан шахсий буюмларигача йўқ қилинади.
















