Жаҳон | 22:19 / 04.09.2018
11252
2 дақиқада ўқилади

Олимлар музламайдиган қоплама ихтиро қилишди

Ҳозирда электр узатиш линиялари, самолётлар турбина ва корпуслари музлаб қолишининг олдини олиш учун махсус кимёвий моддалардан фойдаланилади. Аммо бундай аралашмалар ҳар доим ҳам самарали эмас ва қиммат туради. Яқинда олимлар қуёш нури ёрдамида музлашнинг олдини оладиган қоплама ишлаб чиқишди. Унга ҳеч қандай кимёвий аралашманинг кераги йўқ ва қоплама «ўз-ўзидан» ишлайди.

Ихтиро Массачусетс технология институти мутахассисларига тегишли. Қоплама уч қаватли материалдан иборат бўлиб, у қуёш энергиясини ўзида тўплайди ва уни иссиқликка айлантиради. Бундан ташқари, олинган энергия фақатгина қуёш нури тушган жойни иситмайди, балки қопламанинг бутун юзаси бўйлаб тарқалади. Қоплама тунда сунъий ёритиш манбалари нури ёрдамида ишлайди. Олимлар гуруҳи раҳбари, машинасозлик профессори Крип Варанаси Science Advances нашрига берган интервьюсида янги ихтиро ҳақида маълумот берди.

Унинг айтишича, энг юқори қатлам 95%гача қуёш нурини ютади ва уни иссиқликка айлантиради. Қалинлиги 400 микрометрли алюминийдан иборат иккинчи қатлам исийди ва иссиқлик тарқатади. Энг пастки қатлам эса иссиқлик чиқиб кетишининг олдини олади.  

Ҳозирда олимлар мазкур ихтирони уйларнинг томида синаб кўришмоқчи. Синовлардан сўнг унинг мустаҳкамлиги ва чидамлилигини ошириш бўйича иш олиб борилади.

Мавзуга оид