Ўзбекистон | 21:10 / 06.09.2018
6740
2 дақиқада ўқилади

Корпоратив бошқарув илмий-таълим маркази Бизнес ва бошқарув республика олий мактабига айлантирилди 

“Корпоратив, лойиҳа бошқаруви ва давлат харидлари соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” Ўзбекистон Президентининг қарори қабул қилинди.

Ҳужжатда айтилишича, мазкур қарор қабул қилинишидан мақсад, олий таълим муассасалари ва олий ўқув юртидан кейинги таълим муассасаларида таълимнинг илғор усулларини жорий этиш, шунингдек, корпоратив, лойиҳа бошқаруви ва давлат харидлари соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштиришдир.

Қарорга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги ҳузуридаги Корпоратив бошқарув илмий-таълим марказининг номи Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Абу Райҳон Беруний номидаги Бизнес ва бошқарув республика олий мактаби деб ўзгартирилди. 

Бизнес ва бошқарув олий мактабига Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги билан келишилган ҳолда шу соҳадаги етакчи хорижий таълим муассасалари билан ушбу муассасаларнинг ўқув режалари ва дастурлари асосида Ўзбекистон Республикасида тан олинадиган давлат намунасидаги дипломлар берган ҳолда магистратура дастурлари юзасидан “икки диплом” (double degree) модели бўйича ўқишни ташкил этиш борасида келишувлар тузиш ҳуқуқи берилди.

Бундан ташқари, олий мактаб норматив ва қисқартирилган муддатларда (анъанавий ва масофавий технологиялар), ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда магистратурада ўқишни ташкил этиш, шунингдек, Бизнес ва бошқарув олий мактаби дастурлари бўйича ўқиш учун номзодларни танлаб олиш мезонларини белгилаш, олий таълим муассасаларига, олий ўқув юртидан кейинги таълим, кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш муассасаларига, уларнинг мулкчилик шакли ва бўйсунувидан қатъи назар, масофавий ўқитишни ташкил этиш ҳуқуқига эга бўлди.

Мавзуга оид