Қон таҳлилларини эрталабдан топшириш шартми? Мавзуга доир 5 савол
Қон топшириш ўз-ўзидан ёқимсиз жараён, боз устига эрталаб соат 7 дан туриб поликлиникага боришга тўғри келади. Кўпинча ҳатто нонушта қилиш ҳам мумкин эмас. Бир ойдан кейин эса шифокор яна ўша натижаларни қайд этувчи такрорий таҳлилларга йўналтиради. Ҳақиқатда шундай қилиш шартми? Буни енгиллаштиришнинг иложи йўқми? "Здоровье с Еленой Малышевой"да шу ҳақидаги маълумотлар тақдим этилди.
1. Нима учун қон таҳлиллари эрталаб олинади?
Шуниси қулайроқ. Кун давомида қондаги эритроцитлар, лейкоцитлар, тромбоцитлар ва баъзи гормонлар даражаси ўзгаради. Шунинг учун эрталаб ва кечқурун олинган бир таҳлилнинг натижалари бир-биридан фарқ қилади. Шифокор уларни таққослаши қийин бўлади.
Шу билан бирга, баъзи тадқиқотларни фақат янги биоматериалда ўтказиш мумкин. Масалан, агар ивиш омилларини аниқлаш керак бўлса, қон 4-6 соатдан ортиқ сақланмаган бўлиши керак. Шу боис таҳлил эрталабдан олинса, лаборант қон намунаси бузилмаганини аниқ билади.
Агар эрталабдан поликлиникага боришни хоҳламасангиз, хусусий лабораторияга мурожаат қилиш мумкин - улар бутун кун давомида беморларни қабул қилади. Агар бир таҳлилни бир неча марта топшириш талаб қилинса, лабораторияга бир вақтда келишга ҳаракат қилинг.
2. Қорин оч бўлиши шартми?
Умуман олганда, барчаси таҳлил турига боғлиқ. Баъзиларига овқатнинг таъсири йўқ: сўнгги тадқиқотлар таом қабул қилинганидан кейин холестерин ва липидлар миқдори ўзгармаслигини кўрсатмоқда. Бироқ ёғларни қабул қилмаган маъқул - улар қонни бир неча соатга хиралаштиради.
Британия ва америкалик олимларнинг фикрича, клиник қон таҳлили олдидан қорин оч бўлиши шарт эмас - натижаларда фақат ширин ва ёғли таомлар акс этади.
Бироқ аксарият клиникалар қоидаларига кўра, қон таҳлиллари оч қоринга топширилади. Ҳар бир тадқиқот турига алоҳида ёндашгандан кўра шуниси қулайроқ.
3. Яна нима қилиш мумкин эмас?
Чекиш, сувдан бошқа ичимликни ичиш, сақич чайнаш, спорт билан шуғулланиш, баъзи дори воситалари ва БФҚ (биологик фаол қўшимча)ларни қабул қилиш (шифокор билан маслаҳатлашиш керак). Буларнинг бари таҳлил натижаларига таъсир қилиши мумкин. Қон топширишдан бир кун аввал спиртли ичимликлар истеъмоли тақиқланади.
4. Такрорий таҳлилларнинг нима кераги бор?
Агар текширувларда ўзгаришлар аниқланмаган бўлса, бу ҳам муҳим натижа. Баъзан шифокор касалликни фақат истисно усули билан аниқлаши мумкин. Бошқа ҳолатларда эса салбий натижалар прогноз қилиш имконини беради: агар ҳомиладор аёлда урогенитал инфекциялар аниқланмаган бўлса, демак, ҳомиладорлик даври яхши ўтади. Шунингдек, баъзида улар назорат учун ҳам керак бўлади. Масалан, куннинг турли қисмида топширилган таҳлиллар таққосланса, касаллик муддатини аниқлаш мумкин.
Ва ниҳоят, баъзан ишончли натижага эга бўлиш учун бир неча марта текширувдан ўтишга тўғри келади: паразитларга биринчи тадқиқот аниқлиги - атиги 50 фоиз, учинчиси эса - 99 фоиз бўлади.
5. Қон топшираётганда қандайдир касаллик юқтириб олиш мумкинми?
Йўқ, бундай бўлиши мумкин эмас. Клиника тегишли нормаларга мувофиқ бир марталик ёки стерилланмаган асбоб-ускуналардан фойдаланмаса, унинг лицензияси олиб қўйилади.