Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонда 2018 йил охиригача спорт иншоотлари учун 30 млрд сўмлик инвентарлар сотиб олинади
Ўзбекистон Республикаси президентининг 2018 йил 5 мартдаги ПФ-5368-сонли «Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ, жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришда халқаро стандартларга жавоб берадиган сифатли маҳаллий спорт асбоб-ускуналари ва инвентарларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш хамда қўллаб-қувватлаш вазифалари белгиланган.

Шунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан спорт жиҳозлари ва инвентарларни харид қилишда шаффоф тизимни яратиш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, улар орасидаги энг илғор сифат кўрсаткичларини ўрганиш мақсадида 7 сентябрь куни Тошкент шаҳридаги Таэквондо WТF ассоциациясининг спорт залида кўргазма ташкил қилинди.
Кўргазмада Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев иштирок этди. Тадбирда 15 га яқин маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўзлари ишлаб чиқарган 90 дан ортиқ турдаги маҳсулотлари билан иштирок этишди.

Тадбирда таъкидланишича, жорий йилда республикамиздаги спорт иншоотлари учун Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш жамғармаси маблағлари хисобидан 90 турдаги 30 млрд. сўмлик спорт жиҳозлари ва инвентарларини харид қилиш режалаштирилмоқда. Уларнинг барчаси маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналардан сотиб олиниб, ғолибларни аниқлашда шаффоф ва адолатли тизим йўлга қўйилади.
Кўргазмада маҳаллий ишлаб чиқарувчилар, спорт соҳаси вакиллари ва барча қизиқувчилар иштирок этишди.

