Ўзбекистонда Саломатликни тарғиб қилиш кунлари бошланди
Аҳолининг тиббий билим ва тафаккурини юксалтириш, оилаларда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, ҳар бир инсоннинг ўзи ва яқинлари саломатлиги учун масъуллигини ошириш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан “Саломатликни тарғиб қилиш кунлари” ўтказилмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Ташкил этилган мазкур тадбир тиббиёт тизимида эришилаётган ютуқларни халқимизга кенг тарғиб этиш баробарида, замонавий тиббий имкониятлардан одамларнинг баҳрамандлигини оширишда ҳам муҳим қадам бўлмоқда. Ушбу тиббий-ижтимоий акция пойтахтимиз ва вилоятлардаги маданият ва истироҳат боғларида ўтказилмоқда. Яъни, маданият масканларига ҳордиқ чиқариш ва сайр қилиш мақсадида ташриф буюрган одамлар боғларда ташкил этилган тиббиёт павильонларига таклиф этилиб, чуқурлаштирилган тиббий кўрикка жалб этиляпти.
Тиббиёт кўрикларни ўтказиш учун пойтахтдаги республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари ва вилоятлардаги етакчи тиббиёт муассасаларининг нуфузли мутахассислари, тиббиёт олий ўқув юртлари олимлари, малакали шифокорлар жалб этилгани халқимиз учун яна бир қулайликдир. Хусусан, аҳоли хирургия, неврология, урология, кардиология, травматология, педиатрия, акушер-гинекология, офтальмология каби соҳаларда ишлаётган олимлар ва етук мутахассислар кўригидан ўтиш имконига эга бўлмоқда. Тиббий кўрикни халқаро андозалар бўйича ташкил этиш учун павильонлар УТТ, ЭКГ каби замонавий аппаратлар ва лаборатория таҳлил воситалари билан жиҳозлангани эътиборга молик.
Шунингдек, олимлар ва малакали шифокорлардан тузилган кўчма бригадалар чекка ҳудудларда истиқомат қилувчи кексалар, ногиронлар ҳолидан хабар олиб, улар хонадонларига ташриф буюрмоқда. Тиббий кўриклар натижасида стационар даволанишга муҳтож деб топилганларни тегишли тартибда туман, шаҳар, вилоят ва республика тиббиёт муассасаларида соғломлаштириш режалаштирилган.
Мавзуга оид
18:46 / 08.11.2024
Нонушта қилмаслик диабет ва семизликка олиб келиши мумкин — диетолог
20:49 / 01.03.2024
Дунёда семизликдан азият чекаётганлар сони 1 миллиарддан ошди
19:14 / 21.02.2024
Совқотмаслик учун тўғри овқатланиш қоидалари маълум қилинди
10:56 / 05.01.2024