Фарғона вилояти, Бағдод туманидан келган мурожаат ва суратларни кўриб муаммонинг бу даражада жиддий эканлигига ишонмагандим. Масалани ҳар томонлама ўрганиш мақсадида туман ҳокимлигига бориб, туман ҳокими ўринбосари Бахтиёржон Холдоров билан учрашдик. Мутасадди ўша жойга биз билан бирга борди.
3-умумий ўрта таълим мактаби туман марказидан 6-8 километр узоқликдаги “Конизар” қишлоғида жойлашган экан. Бизни мактаб директори Маҳфузахон Мамадалиева кутиб олди. Билим даргоҳида 531 нафар ўқувчига қирқдан зиёд устоз ва мураббий таълим беради. Жорий таъмирдан чиққан синф хоналарида кўзлари ёниб турган, билимга чанқоқ ўқувчиларни кўрасиз. Агар уларга етарли шароитларни яратиб берсангиз, биз орзу қилган келажак авлод етишиб чиқиши аниқ. Бироқ мазкур мактабдаги шароит жуда афтодаҳол экан.


1993 йили қурилган икки қаватли “типовой” мактаб. Мактабнинг спорт мажмуаси ва “Мажлислар зали”ни кўрганимизда аҳвол бизга юборилган мурожаатдаги суратлардан ҳам кўра ёмонроқ эканига гувоҳ бўлдик.


Тўғриси, спорт залини кўриб, тасаввуримизда мажмуани худди ўзга юртлардаги сингари тўфон келиб, харобага айлантириб кетгандек туюлди. Жуда хунук аҳвол. Поллар чириб кетган, том очилиб ётибди. Бинода худди бир вақтлар қаровсиз ташлаб кетилган ёки зилзила, машъум табиат ҳодисаси рўй бергандек ҳолат... Мактаб ўқувчилари узоқ йиллардан бери жисмоний тарбия дарсларини куз ва қишнинг ёмғирли кунлари дарс хоналарида шашка ўйнаб ўтказар экан.


“Эҳтиёт бўлинг! Пол синиб ёки томдан бирор нарса тушиб майиб қилмасин!”, - дейди муаллимлардан бири.
Иккинчи қаватдаги бир вақтлар тадбирлар ўтадиган зал бўлган қисмидаги ҳолат бундан-да ёмонроқ эди. Харобага айланган “Мажлислар зали” ўта ёмон авария ҳолатида. Зиналар чириб кетган, катта хона деворлари кўчиб тушган, бу ерда ҳам том қисми очилиб ётибди. Унинг кириш эшигига “Фаоллар зали авария ҳолатидалиги учун муҳрланди” деб ёзиб қўйишибди.



























