Испания мигрантларни қабул қилиш бўйича Евроиттифоқда етакчига айланди
Германия ички ишлар вазири Хорст Зеехофер 15 сентябрь куни миграция масаласида Италия билан муросага эришишга умид қилаётганини билдирди, деб хабар берди Euronews. Берлин Рим билан ҳозирда Германия ҳудудида бўлган ва илгари Италиядан бошпана сўраган мигрантларни қайтариб олиши бўйича келишув имзоланишига умид қилмоқда. Италия ички ишлар вазири Маттео Сальвини эса ҳозирча бундай келишувга тайёр эмаслигини билдирди.
Евроиттифоқ давлатлари ва ҳукумат раҳбарлари миграция масаласини 19 сентябрь куни бўлиб ўтадиган норасмий саммитда батафсил муҳокама қилишади. Учрашувнинг асосий мавзуларидан бири ЕИнинг жанубий чегараларини мустаҳкамлаш масаласи бўлади, деб ёзмоқда Euractiv интернет-портали.
Мигрантлар йўналишни ўзгартирди
2018 йилнинг 1 январидан 12 сентябригача бўлган даврда Европага Ўртаер денгизи орқали жами 74,5 минг нолегал мигрант келган, дейилади Халқаро миграция ташкилоти ҳисоботида. Бундан 32,3 минг мигрантни ёки жами келганларнинг 43%ини Испания қабул қилган.
Маълумотлардан аниқ бўлишича, Ўртаер денгизи орқали ЕИ мамлакатларига миграция оқими пасайган. 2017 йилнинг худди шу даврида Европага 129 минг, 2018 йилдагига нисбатан 54,5 мингтага кўпроқ мигрант келган. Ўртаер денгизидан ўтиш чоғидаги юз берган ўлимлар сони камайган: ўтган йили 2,9 минг, бу йил 1,6 мингга яқин киши ҳалок бўлган.
Шунингдек, мигрантларнинг асосий йўналиши ҳам ўзгарган. Агар 2017 йилда улар учун энг оммабоп мамлакат Италия бўлган бўлса, эндиликда Испания оммалашган. Ўтган йилнинг дастлабки тўққиз ойида Италияга денгиз орқали 100 минг мигрант келган, бу йил эса уларнинг сони 80 мингтага кам бўлган. Испанияга эса миграция оқими ошган: 2017 йилнинг дастлабки тўққиз ойида 10,9 минг, бу йил эса 32,2 минг киши келган.
Июлда Испания ташқи ишлар вазири Жосеп Боррель мамлакатга мигрантлар келишининг ошишини Ливия ва Италия ўртасидаги денгиз чегарасида назоратнинг кучайиши билан боғлади.
«Бу гравитация қонунига ўхшайди: агар марказий-ўртаер денгизи йўналишини (Ливиядан Европага) ёпсангиз, улар ғарбий йўналишдан фойдаланишади», — деди у.
Сиёсий оқибатлар
Мигрантлар оқими Европа мамлакатлари сиёсатида барқарорликни издан чиқарувчи омиллардан бирига айланди. Швецияда 9 сентябрда бўлиб ўтган сайловлар натижаларига кўра, мигрантларга қарши бўлган «Швед демократлари» ўта ўнг партияси ўз мавқеини мустаҳкамлади. Миграция режимини қатъийлаштиришни талаб қилаётган партиялар Германия, Австрия ва Италияда бўлиб ўтган сўнгги парламент сайловларида мустаҳкам мавқени қўлга киритди.
Мухолифатдаги Испания халқ партияси етакчиси Пабло Касадо ҳам миграция жараёнларини танқид қилиб чиқди. Касадо июль охирида мамлакат бундан буён «Европага яхши келажак излаб келаётган миллионлаб африкаликларни қабул қила олмайдиган ҳолатда» эканлигини айтди.
Кейинги ўн йилликлар давомида Испанияда ўта ўнглар бу даражада оммабопликка эришмаганди, дейди Real Instituto Elcano аналитика маркази эксперти Кармен Гонсалез Энрике The Guardian нашрига берган интервьюсида.
Агарда мамлакатга келаётганлар сони ўсишда давом этса ҳамда етакчи партиялар миграция муаммосига фаолроқ ёндашадиган бўлса, вазият ўзгариши мумкин, деган фикрда Metroscopia тадқиқот маркази таҳлилчиси Франсиско Камас Гарсия.
«Испания жамияти тоқатли бўлса-да, бу тоқатлилик анчагина мўрт», — деди у Politico билан суҳбатда.
Ўта ўнгларга жавоб 12 сентябрь куни Еврокомиссия раиси Жан-Клод Юнкер Евроиттифоқнинг жанубий чегараларини мустаҳкамлаш учун қўшимча чоралар қабул қилиш зарурлигини билдирди. У бунинг учун 2020 йилгача Европа чегара ва соҳил қўриқчилари сонини 10 минг кишига оширишни таклиф қилмоқда.
Еврокомиссия шунингдек, Африка билан эркин савдо тўғрисида кенг миқёсли битим тузишни мўлжалламоқда. Бу ҳақда 14 сентябрь куни Европа дипломатияси раҳбари Федерика Могерини маълум қилди. Брюссель савдо келишуви африкаликларни эмиграция қилишга мажбур этаётган омиллар, яъни қашшоқлик ва ишсизликка қарши курашда ёрдам беради, деб ҳисобламоқда. Еврокомиссиянинг ҳисоб-китобига кўра, келишувнинг амалга оширилиши натижасида Африкада яқин беш йил ичида 10 мил лионта янги иш ўрни яратилади.
Экспертлар бундай қадамлар жудаям зарур деб ҳисобламоқда. Open Europe аналитика марказининг Брюсселдаги офиси раҳбари Питер Клеппенинг сўзларига кўра, ЕИ мамлакатларида анъанавий партиялар фаоллик кўрсатмайдиган бўлса, ўта ўнг кучларни қўллаб-қувватлаш кучайиши мумкин.
«Агарда Европанинг ҳозирги раҳбарияти оммавий миграцияга чек қўя олса ва бу ерда ноқонуний равишда бўлиб турганларни чиқариб юбора олса, сайловчилар авторитар услубдаги сиёсатчиларга эҳтиёж сезмай қўйишади», — деди Клеппе.
Мавзуга оид
21:00 / 12.11.2024
Россияда мигрантлар учун уй-жой ижараси қоидалари кучайтирилади
16:55 / 12.11.2024
Трамп миллионлаб мигрантларни депортация қилишни режалаштирмоқда — ОАВ
00:11 / 12.11.2024
Нидерландия 9 декабрдан чегара назоратини жорий этади
22:00 / 08.11.2024