Президент ислоҳотига ҳамоҳанг қадам - BIG AGRO компанияси аччиқ қалампир экспортига старт берди
Экспортбоп қишлоқ хўжалиги экинларини экиш, уларни парваришлаш, ҳамкорлар топиб хорижий давлатларга уларни экспорт қилиш айни кунларда Ўзбекистон олиб бораётган иқтисодиётнинг долзарб тамойилларидан бири бўлиб турибди. Жорий йилнинг баҳор ойида Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 27 январдаги 62-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 15 минг гектардан ортиқ майдонга экспортбоп аччиқ қалампир кўчатлари қадалди.
«Brand Investment Group» компаниялар гуруҳи ҳақида аввал ҳам ҳикоя қилган эдик. Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилаётган ташаббуслар асосида аграр секторни ислоҳ қилиш, экинларни кластер усулида экиш билан шуғулланаётган ушбу компания бугун ўз олдига қўйган мақсадларига эришди. Шуни маълум қилиб ўтиш жоизки, ушбу компаниялар гуруҳининг турли вилоятларда ўз шўъба корхоналари бор. Жумладан, Қашқадарё вилоятининг Миришкор туманида фаолият юритаётган BIG AGRO LEGUMES ҳам ана шундай шўъба корхоналаридан биридир.
2017 йил компания томонидан тузилган бизнес режага асосан аччиқ қалампир етиштириш бўйича иш бошланди. 2000 гектар майдонга баҳорнинг март ойи бошларида Ҳиндистондан Каян гибридли нав олиб келиб экилди. Бошланган катта ишга, албатта, катта миқдорда ишчи кучи талаб этилар эди. Бунга ҳам эришилди - март ойидан то август ойининг сўнгига қадар 3000-3500 нафар киши кунлик, мунтазам иш билан таъминланди. Бу эса одамларнинг қўшимча даромадли бўлишларига сабаб бўлди.
Экспортбоп аччиқ қалампир етиштириш Ўзбекистон аграр секторида янгилик бўлгани боис, уни етиштиришда мутахассислар маслаҳатига таяниб иш тутилди. Шу мақсадда Ҳиндистон, Туркия ва Индонезиядан мутахассислар таклиф этилди. Улар ўз тажрибалари билан ўртоқлашишди. Бу, албатта, ўз самарасини берди. Буни амалий мисолларда ҳам кўриш мумкин. Мўл ҳосилга эришилди. Бугун тайёр бўлган дастлабки экспортбоп маҳсулотлар “Chili Spice” бренди остида хорижга чиқишга шай. Айни кунларда терим ишларига 10 000 га яқин киши жалб этилиши кутилмоқда.
- Биз етиштирган қалампирлар Араб ва Осиё давлатлари, Европа мамлакатлари ва Мексикага экспорт қилиш режалаштирилган, - дейди Экспортни ривожлантириш департаменти бошлиғи Бобур Абдумавлянов. – Айни кунларда тайёр бўлган ва махсус қадоқларга жойлаштирилган илк маҳсулотларимиз Араб ва Европа давлатлари ва Россияга кетишга шай турибди. Бундан ташқари, маҳсулотларимизни қадоқлашда инновацион ёндашган ҳолда иш олиб боряпмиз. Бу эса, ўз навбатида, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган BIG AGRO брендини жаҳонга танитишда янги қадам бўлди.
Сарвар Анвар ўғли,
KUN.UZ мухбири