Жаҳон | 16:52 / 22.09.2018
18383
2 дақиқада ўқилади

Лукашенко Путин билан «ўта оғир музокаралар» ҳақида маълум қилди

Фото: РИА Новости / Сергей Гунеев

Беларусь президенти Александр Лукашенконинг маълум қилишича, Россия президенти Владимир Путин билан Сочида ўтган музокаралар қийин, аммо самарали бўлди.

«Музокараларнинг асосий қисми президент билан яккама-якка ҳолда бўлди. Музокаралар олти соат давом этди. Очиқ айтадиган бўлсам, улар қийин эмас, балки ўта оғир музокаралар бўлди. Лекин самарали», - дея Лукашенконинг сўзларини келтирган БелТА.

Унинг таъкидлашича, ЕОИИ, МДҲ, КХШТ ва Иттифоқ давлатнинг бўлажак қурилиши доирасида Россия ҳамда Беларусь ўртасидаги ўзаро муносабатлар, сиёсий масалалар яккама-якка шаклда муҳокама қилинди. Томонлар Украинадаги вазиятни ҳам тилга олишган.

Лукашенконинг маълум қилишича, Минск ва Москва бир ҳафта ичида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ўзаро етказиб бериш бўйича режа ишлаб чиқишга келишиб олган.

Шунингдек, унинг таъкидлашича, икки томонлама ҳамкорлик йўналишида Россия томонидан 1 млрд долларлик қарзни қайта молиялаштириш масаласида рад жавоби берилмаган. Лукашенконинг сўзларига кўра, Беларусь яқин келажакда Евроосиё барқарорлаштириш ва тараққиёт жамғармаси орқали 200 млн долларлик олтинчи траншни олади.

Бундан ташқари, Лукашенконинг қайд этишича, томонлар «божхона олди» ҳамда нефть маҳсулотлари етказиб бериш билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиш учун иккита вариантни ишлаб чиқдилар.

Унинг сўзларига кўра, Путин беларуслик ташувчилар учун квоталар қисқаргани билан боғлиқ вазиятдан ҳайратга тушган, бу масалага ечим топилади.

Шунингдек, давлат раҳбарлари Беларусь атом электр станциясининг қурилишига кредитни қайтариш муддатини узайтириш ва фоиз ставкасини пасайтириш масаласини муҳокама этишди.

Лукашенконинг қўшимча қилишича, томонларда Беларусь-Россия чегарасини учинчи давлатлар фуқаролари томонидан кесиб ўтилиши масаласи бўйича ўзаро тушуниш бор.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Александр Лукашенко мамлакат Ғарб томонидан Россияга қарши жорий этилган санкциялардан фойда олишга ҳаракат қилаётгани ҳақидаги тахминларни «аҳмоқлик» деб атаганди.

Мавзуга оид