Ниҳоят, Ўзбекистонда роботлаштирилган жарроҳлик, радиожарроҳлик, фотодинамик терапия каби юқори технологияли даволаш усуллари ривожлантирилади, шифохоналарда даволанувчилар сони сезиларли даражада камаяди. Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов яқин ўн йилда республика тиббиёт муассасалари фаолиятида кузатиладиган ўзгаришлар ҳақида сўз юритди.

Фото: Камиль Еникеев
Уч босқичли ривожланиш дастури
Яқин йилларда соғлиқни сақлаш тизимининг ривожланишини шартли равишда уч босқичга тақсимлаш мумкин. Ўзгаришларнинг бари Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) тавсияларига мувофиқ энг яхши замонавий профилактика, касалликлар диагностикаси ва даволаш тажрибаси билан характерланади.
2019-2020 йилларга тўғри келувчи биринчи босқичда соғлиқни сақлаш тизимини қайта йўналтиришни режалаштиряпмиз. Шифокорларнинг асосий вазифаси касалликлар профилактикаси бўлади. Бунинг учун бирламчи тиббий-санитар ёрдам тармоғини оптималлаштириш жараёнини ўтказиш, фаолиятни беморнинг оғриқдан азият чекиб шифокорга мурожаат қилишидан эмас, балки касалликларни эрта босқичда аниқлашга йўналтириш керак бўлади. Бу патронаж ва реабилитацион ишларни кучайтиришни талаб қилади. Энг кенг тарқалган касалликларни аниқлаш учун оммавий скринингни ривожлантирамиз. Биринчи звено тиббиёт муассасалари у ёки бу касалликларни аниқлаш мақсадида аҳолини оммавий кўрикдан ўтказиш ташаббуси билан чиқади.
Соғлом турмуш тарзи
"Соғлом овқатланиш" дастурларини амалга ошириш йўли билан нотўғри овқатланишни эрта босқичда аниқлаш ва касалликлар профилактикасига катта эътибор қаратилади. Дастур шунингдек ортиқча вазндан азият чекувчи кишиларни парҳезли овқатланиш билан таъминлашни ҳам ўз ичига олади.
Умуман олганда, "соғлом турмуш тарзи" бўйича дастурлар ривожланиши ва тарғиботига катта эътибор қаратилади. Болалар боғчаси, мактаб, коллеж, лицей ва олий таълим муассасалари, меҳнат жамоалари, маҳалла қўмиталари, хотин-қизлар ташкилотлари, Ёшлар иттифоқидан тортиб то кексалар ва нафақахўрларни бирлаштирувчи ташкилотларгача ҳар куни жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш оммавий тарғиб қилинади, тўғри овқатланиш усулларига оид хабардорлик даражаси оширилади.
Кўпчилик шифокорга ташриф касалхонада даволаниш билан тугаши кераклигига ўрганиб қолган. Илғор тиббиётга кўра, терапевтик касалликларнинг аксарияти шифохонага жойлашувни талаб қилмайди. Шу боис беморлар зарур тиббий муолажаларни олиш учун мурожаат қилувчи кундузги стационарлар тармоғини кенгайтириш режалаштирилмоқда. Ҳаракатланишга қийналувчи кексалар ҳамда жамоатчиликда пайдо бўлиш тавсия этилмайдиган беморлар алоҳида эътиборни талаб қилади. Шунинг учун "Уй стационари" хизматини йўлга қўямиз, яъни тиббиёт ходими белгиланган муолажаларни ўтказиш учун беморнинг уйига боради.








