Келажак кишиси: нима учун Жефф Безос сотувчисиз дўконлар очиш ниятида
Овозли ёрдамчилар, сотувчисиз магазинлар, оммавий булутли серверлар, космик туризм – булар сайёрамизнинг энг бой кишиси Жефф Безос шуғулланадиган соҳаларнинг бир қисми. Amazon ҳақидаги янгиликларнинг саноғи йўқ. Куни кеча унинг Amazon Go деб номланувчи кассирсиз ишлайдиган 3 мингта магазин очишни режалаштиргани ҳақида хабар тарқалди, бугун эса компания қатор янги ақлли қурилмаларни тақдим этди. Эндиликда картошка ёки гўшт қовуришни Alexa овозли ёрдамчисига айтиш кифоя, у ошхонада беминнат дастёрингизга айланади.
Amazon компанияси муваффақиятга эришишининг бир нечта сабаблари бор. Биринчиси, компания топ-менежерларининг келажакни кўра олиш истеъдоди. Безос ва унинг ҳамкасблари гўёки келажакда яшаётгандек, бугунги кунга қарамасдан қарорлар қабул қилишади. Масалан, Amazon Web Services сервиси 2006 йилда тақдим қилинган бўлиб, ўша пайтда маълумотларни булутли сервисда сақлаш фикри ҳеч кимнинг хаёлига келмаганди.
Компаниянинг билдиришича, оммавий булутли хизматга ўтиш орқали компаниялар ўз маълумотлар омборини яратиш учун сарфлайдиган маблағнинг 90%ини тежашлари ва ИТ тизимидаги ходимларининг иш самарадорлигини 62%га оширишлари мумкин. Сўнгги чорак якунларига кўра, Amazon булутли серверлар орқали 6,1 млрд доллар даромад кўрган.
Муваффақиятнинг иккинчи сири – ишончли ривожланиш стратегияси. Безос буни шундай ифодалайди: компания менежерлари минглаб қарорлар қабул қилиш шарт эмас, бир нечта, лекин аниқ ва тўғри қарор қабул қилиш кифоя. Битта одам бир кунда учта тўғри қарор қабул қилса бўлди, дейди Безос.
Компания Amazon Go деб номланувчи сотувчисиз дўконлар тармоғини очишни режалаштирмоқда. Безос одамларнинг дўконлар олдида навбатга туришларини йўқотиш эвазига уларнинг вақтларини тежашни ният қилган. Бу шаклдаги илк дўкон Сиэтлда очилганида ўзини оқлади. Касса олдида ҳеч қандай навбат бўлиши мумкин эмасди, чунки дўконда сотувчи йўқ эди. Бу дўконда харидор ўзига керакли маҳсулотни олади, тўлов эса замонавий технологиялар орқали унинг картасидан автоматик равишда амалга оширилади. Amazon Go тармоғидаги дўконлар сонини 3000тага етказиш компанияга 20 млрд доллардан ортиқ даромад келтиради.
Оддий дўконлар умумий даромаднинг 6-10%ини сотувчиларнинг маоши учун сарфлайди. Amazon эса ана шу пулни тежаб қолмоқчи. Ҳозирда Amazon ретейл соҳасига замонавий технологияларни жорий этиш борасида дунёда етакчи саналади. Бу борада унга ҳозирча рақобат қиладиган компания йўқ.
Мавзуга оид
23:26 / 17.09.2024
Amazon ўз ходимларини офисдан туриб ишлашга қайтармоқчи
19:11 / 04.09.2024
Америкалик миллиардер Жефф Безос 80 млн долларга шахсий самолёт сотиб олди
14:05 / 24.08.2024
Amazon ходими бир ярим йил деярли ишламай, 555 минг доллар маош олди
21:10 / 03.08.2024