Жаҳон | 22:10 / 26.09.2018
47780
3 дақиқада ўқилади

«Боширов аслида Боширов эмас». Журналистлар Солсбери ишида гумонланувчи ГРУ полковниги эканини аниқлашди

Россиядаги The Insider нашри ва Bellingcat тадқиқот гуруҳи Солсберида Сергей Скрипаль ҳамда унинг қизи Юлия Скрипални заҳарлашда гумонланувчи бўлган «Руслан Боширов» аслида Анатолий Чепига эканини аниқлади. Бу ҳақда нашрлар тадқиқотларининг учинчи қисмида келтирилган.

The Insider нашри қайд этишича, сурати «Российский паспорт» тизимида топилган, 1979 йилнинг 5 апрелида туғилган Анатолий Чепига — Руслан Боширов сифатида кўрсатилган шахсдир.

Фото: The Insider

Тадқиқотларда аниқланишича, Чепига Амур областида туғилган. У Узоқ шарқ олий ҳарбий қўмондонлик билим юртини тамомлаб, ГРУ (бош разведка бошқармаси)нинг 14-махсус топшириқли бригадасига хизматга кирган. Чепига 3 марта Чеченистонда бўлган ва полковник даражасига эришган. Унинг бўлими иккинчи чечен урушида муҳим вазифаларни бажарган.

Фото: The Insider

У 2014 йилнинг декабрида Россия Федерацияси президенти Владимир Путин томонидан тинчликпарвар миссиялардаги иштироки учун «Герой России» унвони билан тақдирланган. The Insider талқинига кўра, тинчликпарвар миссия деб Украинадаги ҳарбий ҳаракатлар назарда тутилган бўлиши мумкин.

Бошировнинг шахсини аниқлашда ГРУ учун ходимлар етказиб бериладиган энг яхши ўқув юрти сифатида таърифланадиган ДВОКУ (У Узоқ шарқ олий ҳарбий қўмондонлик билим юрти)нинг 2001-2003 йиллардаги битирувчилари маълумотлари синчиклаб ўрганилган.

Фото: The Insider

Бундан аввалроқ The Insider ва Bellingcat текширувларнинг иккинчи қисмини эълон қилишган, унда Петров ва Бошировнинг паспорт рақамлари ГРУ ходимлариники билан ўхшашлиги келтирилганди. Тадқиқотларнинг биринчи қисмида эса Боширов ва Петров Россия махсус хизматлари вакиллари эканига далиллар келтирилганди. 

Боширов ва Петров Россия махсус хизматларига алоқадорликларини тан олишмаган. Russia Today учун берилган интервьюда улар март ойи бошида чиндан ҳам Солсберига боришганини, лекин бундан мақсад диққатга сазовор жойларни зиёрат қилиш эканини маълум қилишганди. Шу билан бирга улар Скрипаллар уйи олдидан ўтган бўлишлари мумкинлигини истисно этишмаганди. Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлиги эса бу интервьюни «ёлғонлар ва хато жавоблардан иборат интервью» деб атаганди.

ГРУнинг собиқ полковниги Сергей Скрипаль ва унинг қизи Юлия 4 март куни Солсберидаги ресторан яқинида беҳуш ҳолда топилганди. Буюк Британия ҳукумати бу шахслар асаб-тизимини фалажловчи, СССРда ишлаб чиқарилган «Новичок» моддаси билан заҳарланганини маълум қилиб, бу ҳужумда Россияни айблаганди. Россия барча айбловларни рад этиб, далиллар йўқлигини иддао қилганди. Солсберидаги воқеа катта дипломатик можарони келтириб чиқарди: Ғарб мамлакатлари 150 нафардан ортиқ россиялик дипломатларни чиқариб юборди, Россия ҳам худди шундай жавоб чоралари қўллади.

 

Мавзуга оид