Жаҳон | 20:44 / 27.09.2018
10233
4 дақиқада ўқилади

Туғилган кунинг билан BackRub ёхуд 20 ёшга тўлган Google ҳақида қизиқарли фактлар

Бугун Google компанияси ташкил этилганлигига 20 йил тўлди. Ушбу компания қизиқарли тарих ва шонли бугунга эга. Қуйида Google ҳақидаги ажойиб маълумотлар билан танишишингиз мумкин.

1. Google сервиси дастлаб BackRub деб номланган. Кейинроқ компания асосчилари Ларри Пейж ва Сергей Брин унинг номини юзта нолдан иборат сонни ифодаловчи Googol сўзи билан алмаштиришган. Компаниянинг илк инвестори бу сўзни адашиб Google деб ёзиб қўйгани сабабли банкдаги пулни олиш учун компания Google номи остида рўйхатдан ўтган.

2. Google интернет оламида улкан ўринга эга. Компания нуфузи қай даражада эканлиги 2013 йил 16 августда маълум бўлган. Ўша куни Google’нинг барча сервислари 5 дақиқача ишламай қолган ва жаҳондаги интернет трафиги шу заҳоти 40%га пасайган. 

3. Google асосан рекламадан даромад топади. 2017 йилда компания рекламадан 72 млрд доллар пул ишлаган.

4. Google Earth иловаси орқали сайёрамизнинг барча бурчакларини ўрганиш мумкин. Google Sky билан эса фойдаланувчилар коинот ва юлдузлар туркумларини тадқиқ қила оладилар.

5. Google офисларида ҳар бир ходим ўтирадиган жой билан таом бор жой орасидаги масофа 60 метрдан ошмайди. Гриннинг фикрича, ходимлар ора-орада бирор ширин нарса тановул қилса уларнинг иш самарадорлиги ошади.

6. Google эчкиларни ижарага олади. Атроф-муҳитга камроқ зарар етказиш мақсадида компания ҳовлисида ўсиб кетган майсаларни қиртишлаш учун 200та эчки ва чўпон хизматидан фойдаланилади.

7. Google офисига кучуклар билан келиш мумкин. Компаниянинг барча ходимлари ишга уйларида боқаётган итларини олиб келишлари мумкин. Бу жониворларга компаниянинг «итлар билан ишлаш» бўлими ходимлари қараб туради.

8. Google’нинг биринчи сервери Lego Duplo деталларидан қурилган. Мана энди нима учун компания логотипи ҳар хил ранглардан иборат эканлигини билиб олдингиз.

9. Пейж ва Бриннинг шахсий самолётлари NASA учиш-қўниш майдонларидан фойдаланиши мумкин. Умуман олганда, NASA ўз майдонларидан шахсий самолётлар фойдаланишига йўл қўймайди. Аммо Пейж ва Бринга бу мумкин. Чунки NASA бортларида Google илмий қурилмаларидан фойдаланилади.

10. Google ўз ходимлари оиласи ҳақида ҳам қайғуради. Компания ходими вафот этса, унинг қариндошлари 10 йил давомида ходим бир йиллик даромадининг 50%ини олишади. Бунда ходимнинг компанияда қанча вақт ишлаганлигининг қизиғи йўқ.

11. Google ўз динозаврига эга. Googleplex штаб-квартираси қурилиши вақтида ишчилар тираннозаврнинг тошга айланган қолдиқларини топишган. Кейинчалик бу скелет кириш эшиги олдига ўрнатилган. Интернет ўчиб қолганида браузекрда айнан ўша тираннозавр тасвири пайдо бўлади.

12. Google асосчилари 1999 йилда компанияни Excite компанияси раҳбарига миллион долларга сотиб олишни таклиф қилишган. Кейинроқ нархни 750 минг долларгача туширишган, аммо Жорж Белл уни сотиб олишга кўнмаган. Ҳозирда эса Google 837 миллиард долларга баҳоланмоқда.

13. Google дизайни ўта соддалигига сабаб компания асосчиларининг HTML дастурлаш борасида билимга эга бўлишмаганидир. Ўша даврдан буён сайт дизайни деярли ўзгармай келмоқда.

14. 2004 йилда Google акцияларининг бир қисмини биржада сотиб, жамоатчилик компаниясига айланган. Ўша куни компаниянинг 1000га яқин ходими миллионерга айланган. 

15. Google рақобатчиси бўлган Mozilla компанияси Firefox браузерида Google қидирув тизимини жойлаштиргани учун ўз рақобатчисидан йилига 300 млн доллар олади. 

Мавзуга оид