Иқтисодиёт | 14:40 / 30.09.2018
18547
5 дақиқада ўқилади

Электр энергия тизимининг эртаси қандай?

Архив фото

Ёқилғи-энергетика комплекси Ўзбекистон иқтисодиёти таркибидаги етакчи тармоқлардан бири бўлиб қолмоқда. Эскирган технологиялар ва соҳада энергия тежовчи амалий механизмларнинг йўқлиги нафақат саноатнинг ўсишини, балки республикага кирувчи инвестициялар оқимини ҳам тўхтатиб турибди.

2017 йилнинг ноябрида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳукумат мажлисида кўплаб жиддий камчиликлар тўпланиб қолган, доимий ошиб бораётган қарздорликка олиб келувчи, энергетика ресурсларини етказиб беришда тизимли узилишлар ва соҳа корхоналаридаги оғир молиявий вазиятни юзага келтирган мамлакатни электр ва газ билан таъминловчи корхоналар фаолиятини назорат қилувчи ҳамда ҳисобга олувчи самарали тизимнинг йўқлигига ишора қилган эди.

Ўзбекистонда аксарият энергетика ресурслари бизга табиат томонидан инъом этилган, деб ҳисоблашга ўрганиб қолган - бу эса ўз-ўзидан фуқароларни электр энергияси ва газ учун тўловдан озод қилади. Тўловга лаёқатсизликнинг бошқа бир томони - давлат энергетика компаниялари фойдасига тарифларнинг тўхтовсиз ўсишига доир тезис.

Сўнгги бир неча йилда республикадаги энергия ташувчиларнинг ички нархи мунтазам равишда ошиб борган, бироқ кичик таққослов келтиришга жазм қилдик. Хусусан, бугунга келиб мамлакат аҳолиси учун электр энергия тарифлари - ўртача 0,03 доллар 1/кВтс атрофида. Таққослаш учун – 2017 йилнинг биринчи ярим йиллигида 1/кВтс электр энергия нархи Германияда - 0,3 доллар, Туркияда - 0,13 доллар, Россияда - 0,05 доллар ва Беларусда 0,06 долларни ташкил қилди. Табиий газ нархи бўйича ҳам худди шундай вазият. Шундай экан, Ўзбекистондаги электр энергия ресурслари баҳоси аввалгидек анча паст.

Энергетика нархининг айниқса Европа мамлакатларида баландлиги бу мамлакат ҳукумат ва истеъмолчиларини энергия тежовчи механизмларни фаол татбиқ қилишга мажбур қилади. Масалан, 2009 йилда Буюк Британияда чўғланма лампалардан фойдаланишга тақиқлов кучга кирди. Таъкидлаш жоизки, мазкур ташаббус аҳоли орасида норозилик кайфиятини келтириб чиқармади, ҳолбуки флуоросцент лампа нархи оддий лампадан деярли 10 баравар юқори. 2009-2017 йилларда Европа Иттифоқи мамлакатларида электр энергия истеъмол даражасини оширувчи маиший техника сотувларини қисқартиришга оид дастур амалга оширилди. 1992 йилдан бошлаб АҚШда электр энергия кам истеъмол қилувчи маиший техника сотувларини кўзда тутувчи Energy Star дастури амалдадир. Электр энергия ресурслари баҳоси анча юқори бўлган мамлакатларда бундай ташаббуслар табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва онгли равишда электр энергия тежовчи технологияларни танлашга асосланган янги истеъмолчи маданиятини шакллантиришга йўналтирилган.

Бизнинг жамиятимизда электр энергия истеъмоли маданияти эндигина шаклланмоқда, баъзи ҳолатларда эса умуман йўқ. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси қошидаги Мажбурий ижро бюроси маълумотларига кўра, 2017 йил якунларига кўра, ундирилган қарз ҳажми тахминан 5,4 триллион сўмни ташкил қилди.

Экспертларнинг таҳлили тўловга лаёқатсиз кишиларнинг аксарияти оддий фуқаролар эканини кўрсатмоқда. Хусусан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бюро электр энергия истеъмолини яшириш ва нотўғри ҳисоблаш ҳолатларини қайд этмоқда, оддий фуқаролар магистрал электр тармоқлари ва газ қувурларига ноқонуний уланишда давом этишмоқда. Сўнгги бир ярим йилда "Ўзбекэнерго" ва "Ўзтрансгаз" корхоналарининг 700 га яқин ходими, шунингдек Адлия вазирлигининг собиқ Суд департаментининг 40 нафар ходими қонунбузарлик содир этгани учун жиноий жавобгарликка тортилди.

Умуман олганда, амалдаги электр энергия тарифлари Ўзбекистонда электр энергияни ишлаб чиқариш, етказиб бериш ва тақсимлаш билан боғлиқ амалдаги барча харажатларни қоплаш имконини беради. Бироқ жорий нархлар соҳанинг узоқ муддатли харажатларини қопламайди, бу эса 10 миллиард долларга баҳоланувчи узоқ муддатли истиқболли электр энергия инвестицион эҳтиёжларини таъминлаш учун зарур.

Шу боис электр энергия ресурсларини ҳисобга олиш, тақсимлаш ва тўлов киритиш муаммоси, шунингдек бу жараёнлар назоратини кенг қамровли - бошқарув ислоҳотлари, энергия тежовчи технологияларни татбиқ қилиш, жамиятда оқилона истеъмолчилик дастурини қабул қилиш орқали ҳал қилиш керак.

Эксперт, Дилшод Акмалов

Мавзуга оид