Ўзбекистон | 21:31 / 05.10.2018
8367
2 дақиқада ўқилади

202 мингта ёндиргичнинг ноқонуний айланмасига божхоначилар томонидан чек қўйилди

Наманган вилояти божхона бошқармасининг Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар ходимлари билан ўтказилган тезкор тадбир давомида катта партиядаги ёндиргичнинг ноқонуний айланмасига чек қўйишди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати Kun.uz’га маълум қилмоқда.

Янгиқўрғон туманидаги чегара олди ҳудудида ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро У.Х бошқарувидаги «Газ-52» русумли юк автомашинаси тезкор кузатувга олинди.

Ушбу юк машинасидаги юклар «Нанай – Наманган» йўналишида, йўл четида тўхтаб турган фуқаро Ғ.Т. бошқарувидаги «HYUNDAI PORTER» русумли автомашинасига қайта юкланаётган вақтда тўхтатиб қолинди.

Фото: Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати

Мазкур автомашиналар холислар иштирокида кўздан кечирилганида, «ГАЗ-52» русумли юк автомашинасидан «HYUNDAI PORTER» русумли автомашинага ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган, муқаддам қўшни давлатдан мамлакатимизга ноқонуний равишда олиб кирилган, хорижда ишлаб чиқарилган, умумий қиймати 303 миллион сўмлик 202 минг дона ёндиргичлар ортилаётганлиги маълум бўлди.

Суриштирув натижасида ушбу товарлар фуқаро Х.А.га тегишли эканлиги ҳамда бу товарларни фуқаро М.Э.га етказиб бериш режалаштирилганлиги маълум бўлди. 

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Мавзуга оид