Ўзбекистон Миллий банки ва Франциянинг «Буиг» компанияси туризм инфратузилмасини ривожлантириш соҳасида ҳамкорлик қилишга келишиб олишди
Ўзбекистон Республикаси президенти Ш.М.Мирзиёевнинг Францияга давлат ташрифи арафасида, 5 октябрь куни Парижда ўтказилган Ўзбек-француз бизнес форумида Ўзмиллийбанк ва «Буиг» компанияси туризм соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича 100 миллион евролик битимни имзолашди.
Битим давлат раҳбари ташаббуси асосида қабул қилинган «Бухоро шаҳри ва вилоятининг 2017 - 2019 йиллар давомида туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш дастури»га асосан «Қадимий Бухоро» туризм ҳудудини қуришни ўз ичига олади.
Лойиҳа 10 гектар ҳудудда меҳмонхоналар, савдо-кўнгилочар маркази, ресторанлар, сара уй комплекси, ландшафт боғларини барпо қилишни назарда тутади.
Битим доирасида «Буиг» компанияси лойиҳалаштириш ва қурилишдан ташқари, бу йўналишдаги лойиҳаларни амалга ошириш учун янги инвесторларни излаш ва қурилган объектларни бошқаришда кўмаклашади.
«Буиг» компанияси Ўзбекистоннинг бошқа туризм шаҳарларида меҳмонхоналар ва курортлар тизими лойиҳаларини босқичма-босқич амалга оширишни режалаштирган.
Имзоланган битим Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини ривожлантириш, унинг самарадорлигини ошириш, маданий мероснинг ноёб объектларини сайёҳларнинг кенг қатламига таништириш учун қулай шароитларни яратиш, замонавий туризм инфратузилмасини тезкор ривожланишини таъминлашга қаратилган.
Bouygues Batiment International SAS (Буиг Батиман Интернасионал САС) — Франциянинг 1952 йилда ташкил қилинган йирик қурилиш компанияларидан биридир. Буиг компанияси барпо қилган иншоотлар орасида - Ла-Манш остидаги тоннель, Дефанс аркаси, Шарль де Голль номидаги аэропортнинг 2-терминали, автострадалар ва бошқа объектлар бор. Компания капитали 25 млрд. еврога тенг, ходимлари сони 133 мингдан ортиқ.