20:10 / 09.10.2018
13813

Параосиё ўйинларининг 3-кунида 10 та медаль олган Ўзбекистон 3-ўрнини сақлаб қолди

Индонезияда III Параосиё ўйинларининг 3-куни якунига етди. 9 октябрда Ўзбекистон вакиллари спортнинг енгил атлетика, сузиш ва дзюдо каби турларида 5 та олтин, 4 та кумуш ва 1 та бронза - жами 10 та медални қўлга киритди.

Бугунги мусобақаларда қуйидаги ўзбекистонлик спортчилар шоҳсупага кўтарилишди.

Енгил атлетика:
Элбек Султонов – олтин
Дониёр Аҳмедов – олтин

Элбек Султонов / Фото: Параосиё ўйинлари расмий сайти
Дониёр Аҳмедов / Фото: Параосиё ўйинлари расмий сайти

Сузиш:
Дмитрий Хорлин – олтин
Фотима Омилова – олтин
Шоҳсанам Тошпўлатова – кумуш
Фирдавсбек Мусабеков – кумуш

Дзюдо:
Нурбек Мирзаев – олтин
Феруз Саидов – кумуш
Нафиса Шерипбаева – кумуш
Парвина Самандарова – бронза

Ўзбекистон дзюдо терма жамоаси
Фото: Миллий олимпия қўмитаси
Нурбек Мирзаев - олтин медаль соҳиби
Фото: Параосиё ўйинлари расмий сайти

Енгил атлетикада чемпион бўлган ҳар иккала ўзбекистонлик атлет ҳам ўз йўналишида Параосиё ўйинлари рекордини янгилади. Элбек Султонов ядро улоқтиришда, Мансур Абдурашидов 100 метр масофага югуришда учинчи марта ташкил этилаётган мусобақа тарихидаги энг яхши натижани қайд этди.

Бугун, шунингдек, 200 метр масофага комплекс усулда сузиш бўйича мусобақаларда Фотима Омилова жаҳон рекордини ўрнатди. У кеча 100 метрга эркин усулда сузиш баҳсларида ҳам олтин медаль олган ва Параосиё ўйинларидаги энг юқори кўрсаткични қайд этган эди. Омилова 400 метрга сузишда бронза медалини ҳам қўлга киритган эди.

Дмитрий Хорлин ҳам мана учинчи кундирки, мусобақаларни медалсиз тарк этмаяпти.  У 7 октябрь куни 400 м масофага сузишда олтин медаль олиш билан бирга Осиё рекордини ўрнатган эди. Дмитрий 8 октябрда 100 м масофага эркин усулда сузишда бронза медали соҳиби бўлди. Бугун эса 200 метрга сузишда чемпион бўлиб, қитъа рекордини янгилади.

Умуман, сузишда Шоҳсанам Тошпўлатова, Дмитрий Хорлин ва Фотима Омилова уч кундан буён шоҳсупадан тушмай келмоқда.

Қайд этиш ўринлики, Ўзбекистон делегациясининг жами 31 та медалидан 13 таси сузиш, 10 таси енгил атлетика баҳсларига тўғри келади. Дзюдо вакиллари 7 та медаль келтирган бўлса, пауэрлифтингда 1 та олтин қўлга киритилган.

Учинчи кундан сўнг Ўзбекистон терма жамоаси 18 та олтин, 9 та кумуш ва 4 та бронза – жами 31 та медаль билан совринлар сифати бўйича умумжамоа рейтингидаги 3-ўринни сақлаб қолди. Аммо энг яқин таъқибчи Япония бугунги баҳсларда 7 та олтин жамғариб, орадаги фарқни анча қисқартиришга муваффақ бўлди.

Top