Параосиё ўйинлари. Дзюдода яна 4 та медаль қўлга киритилди
Параосиё ўйинларида бугун дзюдо бўйича мусобақалар давом эттирилди. Унда Ўзбекистоннинг 4 вакили медаллар учун кураш олиб борди ва уларнинг барчаси шоҳсупага кўтарилишнинг уддасидан чиқди.
-73 кг вазн тоифасида гиламга чиққан Феруз Саидов жанубий кореялик Сеунгжун Янг билан бўлган баҳсда жароҳат олди ва кумуш медаль билан кифояланди. -81 кг вазн тоифаси вакили Нурбек Мирзаев ҳам олтин медаль учун кечган баҳсда жанубий кореялик рақибга дуч келди. Нурбек Юнгмин Ли билан баҳсда ғолиб чиқиб, чемпионга айланди.
Дзюдо бўйича аёллар ўртасидаги мусобақаларда -57 кг вазн тоифасида баҳсларда қатнашган Нафиса Шерипбоева ҳал қилувчи жангда хитойлик Лин Жилианга мағлуб бўлди ва делегация ҳисобига навбатдаги кумуш медални қўшиб қўйди. -63 кг вазнда гиламга чиққан Парвина Самандарова бронза медалига эга чиқди.
Шу тариқа, 9 октябрда Ўзбекистон вакиллари ҳозирча 2 та олтин, 2 та кумуш ва 1 та бронза медалларини жамғаришга муваффақ бўлди. Умумий ҳисобда медаллар сони 25 тага етди, шундан 15 таси олтин.
Эслатиб ўтамиз, дзюдо бўйича кечаги мусобақаларда ҳам гиламга чиққан 4 нафар ўзбекистонлик спортчиларнинг барчаси шоҳсупага кўтарилган эди. Шерзод Намозов (-60кг) ва Ўткир Ниғматов (-66кг) олтин, Лобар Ҳуррамова (-48кг) кумуш ва Севинч Саллаева (-52кг) бронза медалларини қўлга киритишган.