Спорт | 16:27 / 11.10.2018
6394
3 дақиқада ўқилади

Параосиё ўйинлари. Сузишда яна икки комплект медаллар шодаси Ўзбекистон вакилларига аталди

Индонезияда давом этаётган Параосиё ўйинларида 11 октябрь куни Ўзбекистон вакиллари енгил атлетика, сузиш, дзюдо ва пауэрлифтинг мусобақаларида кураш олиб бормоқда.

Қайд этиш жоиз, бешинчи кунига келиб, Ўзбекистон ҳисобидаги медаллар сони 50 тадан ошди.

Енгил атлетика
Узунликка сакраш баҳсларида Дониёр Солиев 26-олтинни делегация ҳисобига қўшиб қўйгани хабар қилинган эди. Солиевдан сўнг диск улоқтириш баҳсларида Сафия Бурханова 38,42 натижа билан кумуш медални қўлга киритди. Бу кўрсаткич билан у Параосиё ўйинлари рекордини янгилади.

Дзюдо
Бугундан дзюдо бўйича жамоавий баҳслар бошланди. Аёллар ўртасидаги беллашувларда ўзбекистонлик атлетлар ҳал қилувчи жангларни Жанубий Корея терма жамоасига қарши ўтказиб, 1:2 ҳисобида имкониятни бой берган ҳолда кумуш медаллар билан тақдирланишди.

Фото: Параосиё ўйинлари расмий сайти

Эркаклар ўртасидаги жамоавий дзюдо баҳсларида Ўзбекистон вакиллари бронза медали учун мўғулистонлик рақибларга қарши гиламга чиқиб, баҳсларни муваффақиятли якунлашди ва Япония термасидан устун келган Қозоғистон дзюдочилари билан бир поғонада шоҳсупадан жой олишди.

Фото: Параосиё ўйинлари расмий сайти

Сузиш 
Бу галги Параосиё ўйинларида сузиш мусобақалари шоҳсупаси яна икки марта тўла ўзбекистонлик спортчиларга аталди.

100 метрга баттерфлай усулида сузиш баҳсларида Шоҳсанамхон Тошпўлатова олтин, Фотима Омилова кумуш ва Нигора Мирзоҳидова бронза медалларига эга бўлди.

Худди шу йўналишнинг эркаклар ўртасидаги баҳсларида Ислом Асланов олтин, Кирилл Панков кумуш ва Дмитрий Хорлин бронза медалини қўлга киритди. 8 спортчи иштирок этган финалда, шунингдек, Ўзбекистоннинг яна бир вакили Муҳаммад Абдураимов бешинчи натижани қайд этди.

Шу тариқа, ҳозирга келиб Ўзбекистон делегацияси ҳисобидаги медаллар сони 58 тага етди. Уларнинг 28 таси олтин, 16 таси кумуш ва 14 таси бронза. Бугун Япония ҳам 28-олтин медалини қўлга киритди ва кумуш медаллар сони эвазига 4-ўринга чиқиб олди. Эндиликда 5-поғонадаги Ўзбекистон билан 6-ўринни эгаллаб турган Индонезияни 5 та олтин ажратиб турибди.

Мавзуга оид