Спорт | 22:47 / 13.10.2018
18474
6 дақиқада ўқилади

Эктор Купер: «Хурсандлигимнинг сабаби натижа эмас, ўйинимиздаги ўсиш»

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи, КХДРга қарши ўртоқлик учрашувида илк ғалабасини қўлга киритган аргентиналик мутахассис Эктор Купер ўйиндан кейинги матбуот анжуманида иштирок этди.

«Ғалаба қозониш доим ёқимли. Шунинг учун ҳам жуда мамнунман. Хурсандлигимнинг сабаби – натижа эмас, жамоа ўйинининг анча яхшилангани. Чунки, масалан, Эронга қарши кечган ўйин билан солиштирсак, ўша баҳсдаги хатоларимизни бугун деярли такрорламадик, дея оламиз. Бу асосан тактик жиҳатда кўринади. Футболчилар позиция танлашда жуда яхши ҳаракат қилишди. Эрон билан ўйиндаги хатоларни кўрмадик.

Бундан ташқари, Эрон билан баҳсда прессингда ҳамма ўйинчилар ҳам қатнашмаётган эди. Бугун эса барча бирдек прессинг қўллашда иштирок этди. Бу жуда катта яхши ўзгариш, деб ҳисоблайман.

Ўйинчилар ҳимояда тартиб билан ҳаракат қилишди. Тўғри, рақиб кўп ҳам ҳужум уюштирмаган бўлиши мумкин, аммо ҳимояда ўсиш кўринди. Ярим ҳимоядан ҳужумга ўтишда яхши ҳаракат қилдик, лекин барибир ҳужум чизиғимизда муаммоларимиз бор. Жуда кўплаб вазиятлар бўлди. Ўйинчиларда совуққонлик етишмагандек, чунки вазиятларни голга айлантира олмадик.

Умумий қилиб айтадиган бўлсак, шогирдларим олдинги иккита учрашувдагидан анча яхшироқ ҳаракат қилганидан жуда мамнунман», - дея таъкидлаб ўтди Купер матбуот анжумани бошида.

- Икром Алибоев бунга қадар чап қанотда вингер сифатида ўйнамаган. Осиё ўйинларида марказда тўп сурган эди. Икромда бу қанот вингери сифатида нимадир кўрдингизми ёки унга таркибдан жой топиб бериш кераклиги учун шундай йўл тутдингизми?

- Тўғри таъкидладингиз, Икром Алибоев олдинги жамоасида ҳам доим марказда ҳаракат қилган. Уни биринчи марта чап қанот яримҳимоясида синаб кўрдик. Бу ўйинчининг чап қанот ярим ҳимоячида ўйнашга қодирлигини кўрдим, у жуда тезкор ўйинчи. Шу боисдан уни синаб кўришга қарор қилдим. Унинг ҳаракатларидан тўлиқ қониқиш ҳосил қилдим, деб айта оламан.

Ўйинчилар ёшлар термасидан миллий жамоага ўтганида психологик жиҳатдан ҳам қийинчилик бўлади. Бу жамоалар даражаси бир хил эмас. Ўйинчи ана шу тўсиқни енгиб ўтиши керак. Умуман қилиб айтсам, менга Икром Алибоевнинг ўйини ёқди.

- 6 ойга Жалолиддин Машариповнинг ўртоқлик ўйинларида майдонга тушиши ОФК томонидан тақиқланди. Бу унинг Осиё кубогига олиб кетилиши эҳтимолини қанчалик пасайтирди? Ёки унда ҳали ҳам имконият борми?

- Тўғри, ўртоқлик ўйинларида қатнаша олмайди. Аммо мен уни клубдаги фаолиятини кузатиб бораман. Ҳаттоки ноябрдаги йиғинга ҳам чақиришим мумкин. Ўртоқлик ўйинида майдонга тушмаса ҳам, терма жамоа базасига бориб, машғулот ўташи мумкин. Ўйинчининг терма жамоага киришиб кетишида муҳитни ҳис этиш ҳам катта аҳамият касб этади.

Машарипов – жуда яхши даражадаги ўйинчи. Шунинг учун, ўртоқлик учрашувларида ўйнай олмайди, деб ташлаб қўя олмаймиз. У барча билан тенг равишда Осиё кубогида қатнашиш учун жуда яхши имкониятга эга.

- Ўйинда Нагаев жароҳат олди. Бу сизнинг футболчиларга юқори жисмоний юклама бераётганингиз оқибати эмасми?

- Нагаевнинг жароҳатини терма жамоадаги юкламаларнинг кўплиги билан боғламаган бўлардим. Ўйинчининг жароҳат олиши доим мураббий учун ёқимсиз ҳолат бўлган. Футболчини клубига соғ-саломат жўнатиш керак. Терма жамоада керагидан ортиқ юклама йўқ. Ҳаммаси меъёрида.

Ўйинчилар клубларидан жисмоний жиҳатдан тайёр ҳолатда етиб келишган. Биз ҳеч қанақасига уларнинг жисмоний ҳолатини яхшилашга ҳаракат қилмаймиз. Улар бу иш билан асосан ўз клубларида шуғулланишади. Декабрь ойида футболчилар узоқроқ муддат ихтиёримиз бўлган пайт бундан мустасно.

Иваннинг жароҳати ҳақида гапирадиган бўлсам, у рақиб билан ҳаводаги тўқнашувда оёғини бироз шикастлаб олди. Бу оддий ҳолат, жиддий эмас. У билан гаплашдим, ҳолати яхши.

- Ўйиндан олдин терма жамоа ҳужумкор ўйин кўрсатмаслигини таъкидлаган эдингиз. Амалда эса аксинча бўлди. Бу рақибни чалғитишми ёки ўйиндан келиб чиқиб танланган тактика?

- Жамоа ўйинини ҳужумкор ёки ҳимоявий деб ажратишни хоҳламаган бўлардим. Эрон билан ўйинда ҳимоявий ўйнашимизга нима сабаб бўлганди? Сабаби – биз прессинг уюштирганимизда олдинги чизиқлардаги футболчилар бунга қўшилишмади, натижада биз ҳимояда кўпроқ ўйнашга мажбур бўлдик. Олдинги чизиқ вакилларининг хатоси туфайли орқароқдаги ўйинчилар кўпроқ ўйнашига тўғри келди.

Бугунги ўйинда эса, эътибор берган бўлсангиз, тўпни рақибдан майдон марказида ва ҳужум чизиқларининг ўзидаёқ қайтариб олишга муваффақ бўлдик. Бу бизга кўпроқ ҳужумга чиқиш имкониятини яратди. Футболчилар позицион жиҳатдан яхши жойлашишди. Жамоа ҳимояланаётган вақтда яхши, тартибли ҳаракат қилса, бу қанот футболчиларига ҳам ҳужумларга кўпроқ қўшилиш имконини беради.

Шу боисдан ҳам мен ўйинни ҳужумкор ёки ҳимоявий деб атамайман. Мен тартибли ўйин тузишга ҳаракат қиламан. Мураббий талабининг қанчалик бажарилаётганига қараб ўйинимизга ҳужумкор ёки ҳимоявий деб баҳо бериш мумкин. Шунинг учун кеча билдирган фикримни рақибларни чалғитиш учун, деб тушунмаслик керак. Ҳаммаси вазиятдан келиб чиққан ҳолда юз беради.

Мавзуга оид