Жамият | 12:32 / 13.10.2018
9703
4 дақиқада ўқилади

Хайриялар миқдори миллиард сўмдан ошган – «Вақф» хайрия жамоат фонди фаолияти ҳақида ҳисобот берилди

Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5416-сон Фармони бўйича «Вақф» хайрия жамоат фонди ташкил этилган.

Фонд ўз олдига масжидлар ва диний таълим муассасаларининг биноларини қуриш, таъмирлаш, профессор-ўқитувчилар, тадқиқотчилар ва ўқувчи-талабаларни қўллаб-қувватлаш, масжид ходимларини ойлик маош билан таъминлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, шу жумладан, имконияти чекланган шахсларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш каби бир қатор ишларни мақсад қилиб қўйган.

Ўтган давр мобайнида фонд томонидан диний таълим муассасаларини моддий қўллаб-қувватлаш учун жами 211 млн. сўм, ижтимоий ҳимояга муҳтож жамиятларга 22 млн. сўм ва ёрдамга муҳтож ва ногиронлиги бўлган 534 нафар фуқароларга 480 млн. сўмдан зиёд маблағ хайрия қилинди. Қурбон ҳайитида Республика бўйича 10 тоннадан зиёд қурбонлик гўштлари фонд номидан тарқатилди. Шу билан биргаликда ўта оғир ҳолатдаги 4 та хонадон фонд томонидан тўлиқ таъмирлаб берилди.

33 нафар собиқ маҳбусга ҳаётда ўз ўрнини топиш учун ёрдам кўрсатилди.

«Вақф» фонди томонидан ташкил этилган «Масжид ва мадрасалар учун китоб» акцияси доирасида шу вақтга қадар 9 та вилоятдаги 306 та масжидга жами 367 млн сўмлик 13 109 дона китоб етказилди.

Фонд томонидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги билим юртлари талабалари ва ўқитувчиларини рағбатлантириш, намунали ва иқтидорли талабаларни тўлов-контракт пулларини тўлаб бериш учун Фонд томонидан «Илм йўлида кўмак берамиз» акцияси ташкил этилди.

2018 йил 13 октябрь куни ушбу акциянинг биринчи босқичи натижалари бўйича тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Маросимда диний таълим муассасаларининг энг иқтидорли 39 нафар талабаларининг контракт пуллари тўлаб берилиб, ўзининг иқтидори ва қобилияти билан Қуръони каримни тўлиқ ёд олган 15 нафар талаба энг кам иш ҳақининг 10 бараваридан пул мукофотлари билан тақдирланди.

Умумий ҳисобда ушбу акциянинг биринчи босқичи учун “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан 160 млн сўм ажратилди.

Тадбирда сўзга чиққан ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев жамоат фондининг зарурлигини таъкидлади:

– Турли хил хайрия акциялари мунтазам ўтказиб келинган. Лекин уларнинг ҳуқуқий асоси мустаҳкам эмасди. Масалан, бир қатор ташаббускорлар билан бирга Қозоғистон чўлларида автобусда ёниб кетиб ҳалок бўлган 52 нафар юртдошимизнинг оилаларига оз бўлса-да моддий кўмак бериш мақсадида акция уюштирдик. Ўшанда назоратни сақлаб туриш мақсадида мен ўзимнинг пластик карта рақамимни эълон қилдим. Қисқа муддатда 330 миллион сўмдан кўпроқ маблағ тўпланди ва ўша юртдошларимизнинг оилалари ўртасида тақсимланди. Лекин танганинг иккинчи томони ҳам бор. Кимдир шахсий картамга хайрия тушираётганимни бошқача талқин қилиши мумкин бўлса, ваколатли ташкилотлар бу ишларни қайси ҳужжатларга асосан ташкиллаштираётганимизни, бунга ҳуқуқий асосимиз бор-йўқлигини суриштирсалар, кўп саволларга жавоб бера олмай қолардик. Чунки бундай акциялар тизимли эмас, аниқ ҳужжатларга эга бўлмаган эди.

«Вақф» хайрия жамоат фондининг фаолият бошлаши барча ҳуқуқий асосларга замин яратиш билан бирга барча хайрия қилувчиларни ягона мақсад – эзгулик йўлида бирлаштиришига ишонаман.

Тадбир якунида «Вақф» хайрия жамоат фондининг мукофотига сазовор бўлган Расулжон Тоҳировни суҳбатга тортдик.

– Ўзим андижонликман, Наманганда таҳсил оламан. «Вақф» фондининг мукофотига лойиқ кўрилганимдан хурсанд бўлдим. Мана, 3 млн 250 минг сўм миқдорида контракт тўловим фонд томонидан қоплаб берилди. Илм олиб, келажакда ўзим ҳам «Вақф» жамғармасига кўмак берадиган инсон бўлиб етишишга интиламан.

Мавзуга оид