Кениянинг энг митти ва машҳур боғларидан бирига саёҳат
Кениядаги миллий боғлар билан кишида ҳайрат уйғотиш мушкул. Бу ерда уларнинг сони 20 тадан ортиқ ва яна шунча қўриқхоналар ҳам бор. Бироқ бошқалари орасида ажралиб турадиган битта боғ бор. Бу “Жаҳаннам эшиклари” миллий боғи бўлиб, унинг ҳудудида Африка манзаралари ва маҳаллий халқлар масканларидан ташқари дунёдаги йирик ва Африкадаги илк геотермал станция жойлашган.
“Жаҳаннам эшиклари” миллий боғига 1984 йилда Рифт-Валли провинциясидаги бор-йўғи 68 кв. км майдонда асос солинган. Боғ Кениянинг пойтахти Найробидан чиқиш йўлида жойлашган. Қизил рангли қоялардаги тор йўлак ва кўплаб қайнар булоқлар сабаб ана шундай қўрқинчли номга эга бўлган. Пойтахтга яқинлиги сабаб сайёҳлар орасида машҳурликка эришган.
Африка фаунасига хос бўлган ҳайвонлардан “Жаҳаннам эшиклари”да қуйидаги туёқлиларни учратиш мумкин: зебра, канна оҳуси, Африка буқаси ва Томсон ғизоли. Саваннанинг шер, леопард ва гепард каби одатий йиртқичлари у ерда кўп эмас. Шунинг учун боғда нафақат машинада, балки велосипед ва ҳатто пиёда ҳаракатланиш мумкин.
Боғ ҳудудида масаи қабиласининг маданий маркази жойлашган. У сайёҳлар орасида жуда машҳур. Бу ерда Африка халқининг маданияти ва турмуш тарзи билан танишиш, сувенирлар харид қилиш ва эсдалик учун суратга тушиш мумкин.
Қизиқ, ҳудудда миллий боғ пайдо бўлгунига қадар бу ерда Олкария IV геотермал электростанцияси мавжуд бўлган. Ер ости иссиқлигидан фойдаланадиган станцияни 1981 йилда очишди. У 140 МВт қувват билан ишлайдиган бу каби станциялар орасида дунёдаги энг йирикларидан бири саналади.
Мавзуга оид
16:00 / 11.11.2024
Хавотир билан бошланган хайрли иш – Фарғонадаги мактаб олма боғидан яхшигина даромад оляпти
12:07 / 09.11.2024
Хоразмда мевага кира бошлаган интенсив боғ бузиб ташланди
12:50 / 05.11.2024
Ўзбекистон ва Италия мевали боғ ва токзорларни барпо этиш бўйича ҳамкорлик қилади
10:50 / 14.10.2024