Ўзбекистон | 20:30 / 17.10.2018
3227
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда АҚШнинг Rockwell automation компаниясининг тақдимоти бўлиб ўтди

Бугун, 17 октябрь куни “Ўзмиллийбанк” ҳузуридаги Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташаббуси билан Тошкент шаҳридаги "HYATT REGENCY" меҳмонхонасида дунёга машҳур Rockwell automation компаниясининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Маълумки, мазкур компания саноат автоматизацияси учун ечимлар ишлаб чиқиш ва тайёрлаш соҳасида дунёдаги энг йирик компаниялардан бири ҳисобланади. Унинг йиллик маблағ айланмаси 7 миллиард доллардан ошиқ. Ҳозирги кунда 80 та мамлакатда ўз бўлинмаларига эга.

Бугунги кунда компания нефть-газ, тоғ-кон, металлургия, енгил ва озиқ-овқат саноатининг етакчи компаниялари ҳамда халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқарувчилари, машинасозлик, энергетика сектори, кимё ва нефть кимё, целлюлоза-қоғоз соҳаси корхоналари, фармакология компаниялари, коммунал хўжаликлар ва бошқа тор йўналишдаги компаниялар билан фаол ҳамкорлик қилади.

Тадбирда йиғилган маҳаллий тадбиркорларга компания ишланмаларининг ишлаб чиқариш соҳасида  аҳамияти ва зарурий жиҳатлари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Маълумот ўрнида: 2018 йилнинг 1 октябридан бошлаб «СБ ПАУЭР» МЧЖ Rockwell automation'нинг Ўзбекистондаги вакили сифатида фаолият юритишни бошлади. Мазкур корхонага компаниянинг Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқаришни ривожлантиришда манфаатларини илгари суриш, корхоналарга кўмак бериш ваколати берилган.