Қашшоқликни бартараф этиш учун кураш халқаро куни нишонланди. Ўзбекистонда бу кун қандай кутиб олинди?
Қашшоқликни бартараф этиш учун кураш халқаро куни БМТ Бош ассамблеяси томонидан 1992 йилда эълон қилинган ва 1993 йилдан буён ҳар йили нишонланиб келинади.
Рақамлар
Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, Ўзбекистон аҳолисининг 2017 йилдаги жами даромади 186,2 триллион сўм (22,7 миллиард АҚШ доллари), бир одамга ҳисобланганида ўртача даромад 5,8 миллион сўм (712,6 доллар)ни ташкил этган. Агар бир йилда бир ўзбекистонликка 5,8 миллион сўм (712,6 доллар) тўғри келса, у кунига 15,9 минг сўм (1,95 доллар)дан тушади. БМТ стандартларига кўра, кунига 1,9 доллар ва ундан камроққа яшаш — қашшоқлик чизиғидан паст ҳаёт кечириш ҳисобланади (ҳисоб-китоблар 2018 йилнинг январида қилинган).
Бу ҳолда, аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот (ЯИМ)нинг даражаси прогнози доирасида 2018 йилда Ўзбекистон энг қашшоқ давлатлар ичида 8-ўринни эгаллаган, деб хабар беради Focus Economics компанияси.
Жорий йилнинг май ойида БМТ озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) раҳбари ташкилот тузган статистикани келтирди, унга кўра Европа ва Марказий Осиёнинг, айниқса, қишлоқ жойларида яшовчи 14 миллион киши ҳанузгача озиқ-овқат хавфсизлиги мавжуд эмаслиги муаммосига дучор бўлиб келмоқда. Энг кўп жабр кўрган давлатлар орасида Ўзбекистон ҳам бор, бу ерда аҳолининг 6,3 фоизи тўйиб овқатланмайди.
Қашшоқликка қарши курашиш халқаро ташкилоти Oxfam тенгсизликни қисқартиришга амал қилиш рейтингида Ўзбекистонни 156-ўринга қўйди. Бу ҳолда меҳнат муносабатлари ва минимал иш ҳақи соҳаларида Ўзбекистон 132-ўринни эгаллаган.
Оддий арифметика
Ўзбекистонда Ягона тариф сеткаси бўйича биринчи разрядга оид тариф коэффициенти 2,476 ни ташкил этади. Бундан келиб чиқадики, айрим ўзбекистонликлар ойига 456 326 сўм маош олишади.
Бу маошга нима харид қилиш мумкин?
ЎзА маълумотларига кўра, бундай маошга 10 кг гўшт, 35 кг гуруч, 114 кг ун, 150 килодан зиёд картошка, 57 кг помидор сотиб олиш мумкин.
Бу ҳолда коммунал хизматларнинг (газ, электр энергияси, сув, чиқинди ва ҳ.к.) ўртача қиймати 100 минг сўм атрофида бўлади. Энди бу ўринда кийим-кечак, йўлкира, болалар, тўй-томоша ва бошқа харажатларни ўйлаш қийин.
Ҳамма умид 2030 йилдан
Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Ўзбекистон Республикаси президентининг «Барқарор ривожланиш Миллий мақсадларини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарор лойиҳаси муҳокамага қўйилган.
Қайд этилишича, ҳужжат мамлакат аҳолиси турмуш даражаси ва сифатини изчил ошириш, экологик барқарорликни таъминлаш, Ўзбекистонда ҳуқуқий демократик давлатни ривожлантиришга йўналтирилган чора-тадбирлар бўйича тизимли ишларни амалга ошириш мақсадида қабул қилинмоқда.
Қарор лойиҳасида 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги Миллий мақсад ва вазифалар тасдиқланган.
Иловага кўра, Ўзбекистонда:
- 2030 йилга бориб кам таъминланганлик даражаси 2 баробарга қисқаради.
- 2030 йилга бориб аҳолининг кам таъминланган ва ожиз гуруҳлари бутун йил бўйи хавфсиз, тўйимли ва етарли даражадаги озиқ-овқат билан таъминланишади. Сирасини айтганда, тўйиб овқатланмасликни тўлиқ бартараф этиш режалаштирилмоқда.
- 2030 йилга бориб аҳоли ўртасида юрак қон-томир, онкология, қандли диабет ва сурункали респиратор касалликларидан бевақт ўлим ҳоллари 30 фоизга қисқаради.
- 2030 йилга бориб гендер тенгсизлик бартараф этилади ва ҳ.к.
Хуллас, мана шундай режалар.
Дарвоқе, Ўзбекистонда жорий йилнинг 1 ноябридан бошлаб ойлик иш ҳақи, стипендия ва пенсиялар миқдори 10 фоизга оширилади. Шу билан бирга 1 ноябрдан бошлаб минимал иш ҳақи миқдорига боғлиқ маъмурий жарималар ва божлар ошади, давлат хизматлари ҳам қимматлашади.
Мавзуга оид
13:58 / 31.10.2024
Ўзбекистонда кўпроқ қайси давлат фуқаролари таҳсил олаётгани маълум қилинди
10:50 / 31.10.2024
Ўзбекистон ташқи савдо айланмасидаги топ 10 давлатлар маълум қилинди
08:10 / 29.10.2024
Ўзбекистонда ўртача неча ёшда никоҳ қурилаётгани айтилди
11:19 / 25.10.2024