Light | 13:45 / 18.10.2018
28773
7 дақиқада ўқилади

Кумуш қошиқ. Замонавий ота-оналар қандай хатоларга йўл қўйишмоқда?

Россияда юз йиллик танаффусдан кейин бадавлат оила фарзандлари улғайди. Ота-оналар ҳайратда. Улар фарзандларига бераётган улкан имкониятлар нафақат кутилган натижалар келтирмаяпти, балки акс таъсир кўрсатаяпти.

Фото: Unsplash

Ота-оналар уларнинг фарзанди билан кузатилаётган вазият ўзгача деб ҳисоблашмоқда. Бироқ аслида улар юзма-юз келаётган муаммолар янги эмас – Ғарбда бу мавзу яхши ўрганилган ва у ҳақида кўп гапирилган. Илмий адабиётлардан матбуотга кўчган  – “кумуш қошиқ синдроми” атамаси ҳам бор.

“Кумуш қошиқ синдроми”га эга болалар пассив, ҳеч нимани истамайди, уларда моддий хоҳишлардан ташқари қатъий истаклар мавжуд эмас. Бундан ташқари, бундай болалар жиддий мақсадларни белгилаш ва уларга эришишга қодир эмас. Ҳаётга умуман мослашмаган, ўз ҳузурлари – алкоголь, наркотик моддалар, автомобиль пойгалари ортидан чопиш билан овора. Улар “оилавий иш” билан қизиқишмайди, миннатдорлик ҳиссидан бегона, совуқ, бефарқ, асоциал ахлоқ ва депрессияга мойил.

“Тантиқ” болани тарбияламаслик учун уни бузаётган жиҳатларни ўрганиш лозим. Бу оқибатларга эмас, сабабларга таъсир кўрсатиш имконини беради.

Фото: Unsplash

Биз нимани нотўғри қиляпмиз?

Ҳеч нарсани чекламаяпмиз.

Болага сўраган нарсасининг барини дарҳол беришга тайёрмиз. Унга ҳеч нимани рад этмаймиз – у “йўқ, ҳозир олиб беролмайман, кейинги сафар” деган сўзларни билмайди. Биз нафақат унинг барча истакларини қондирамиз, балки уларни айтмасидан олдин муҳайё қилишга ҳаракат қиламиз: бола эртакдаги “кўза ичидаги жин” ҳақида орзу қилиши ҳам шарт эмас – у истагини айтиб улгурмасидан бари амалга ошади.

Натижа-чи? Истаган нарсасини олишга одатланган болалар хафа бўлиш нима эканини билмайди, кутиш ва сабр, орзу, мақсадлар белгилаш, режалаштириш, истаган нарсасига эришиш учун ҳаракат қилиш, эришганларни қадрлаш каби ҳислар унга бегона. Охир-оқибат тўйиш ҳисси пайдо бўлади – болалар ҳеч нарсани истамай қолади. Зерикиш, бефарқлик, депрессия ана шундан келиб чиқяпти.

Нормадан ортиғини юклаяпмиз

Бугун бола кўпроқ маблағ киритиш ва тезроқ натижа олиш керак бўлган инвестицион лойиҳа сифатида қабул қилинмоқда. “Инвестициялар” деярли йўргакдан бошланади: ривожлантириш машғулотлари, тўгараклар, спорт ва ижодий машқлар. Ундан кейин мактаб қўшилади, бироқ қўшимча машғулотлар сони камаймайди, аксинча, кўпайиб боради. Фарзандимизни барча янги ва обрўли, болалигимизда орзу қилган нарсаларга ўргатгимиз келади.

Натижада бола қатъий жадвал бўйича яшайди. Унинг ҳар бир дақиқаси ҳисобли. Унинг учун биз режа тузамиз. Акс ҳолда, улгурмайди. У эса бўйсунишга мажбур. У ташқи бошқарувга кўникади. Ўз-ўзини шакллантиришга қодир эмас. Етакчиликни эса айтмаса ҳам бўлади. У доимий равишда ёрдам ва устозга муҳтож. Унда орзулари, ижодкорлигини ривожлантириш учун дастлаб вақт, кейин эса хоҳиш бўлмайди. Доимий “керак” ва “шарт”лар ҳар қандай ижодий илҳомни сўндиради. Ўсмирлик даврига келиб, бола ўзининг “чегараси”га етиб келади. Ҳеч нарса билан шуғулланишни истамайди ва барчасини ташлаб, рад этади.

Фото: Unsplash

“Айбимизни ювамиз”

Доимий равишда бандмиз, фарзандларимизга вақтимиз йўқ. Улар билан воситалар ёрдамида мулоқот қилишга ҳаракат қиламиз: ҳис-туйғуларимиз, эътиборимиз ўрнига совғалар берамиз. Моҳиятан олиб қараганда, буюмлар, пул, саёҳат, орзуларни рўёбга чиқариш орқали айбимизни ювишга ҳаракат қиламиз. Буни қанчалик аниқ англаганимиз сайин йўқлигимизни моддий нарсалар билан тўлдиришга интиламиз. Бола тобора улғая боради, у билан бирга бадал ҳажми ҳам ортиб боради – ўйинчоқлардан тортиб, қимматбаҳо тақинчоқлар, автомобилларгача.

Болалар муҳаббатнинг моддий кўриниши ҳақиқий муносабатлар ўрнини босишига кўникади. Шунга қарамай, ҳамма нарсага эга бола ўзини ёлғиз ва ташлаб кетилгандек ҳис қилади. Унга ҳис-туйғулар, ота-онанинг ҳаётидаги иштироки, илиқлиги етишмайди. У ҳис-туйғуларини намоён этиш, севиш ва дўст бўлишни билмайди – унга буни ўргатадиганлар бўлмаган. Натижада атрофдагилар, жумладан, ота-онаси билан муносабатларда фойдани кўзлаб иш тутиш етакчи омилга айланади. Бундай болалар совуқ, бефарқ, худбин бўлиб улғаяди.

Уч олтин қоида

Нима қилиш керак? Энг аввало, қоронғи хонада чироқни ёқиб, ён-атрофга яхшилаб қараш керак. Бола билан нималар содир бўлаётганини тушуниш, муаммонинг аҳамиятини англаш ҳамда уни ечиш усулларини излаш лозим. Ҳар қандай мураккабликларни енгишда ёрдам берадиган “тарбиялашнинг уч олтин қоидаси” қуйидагича:

Чегара

Болага чекловлар -  “қизил чизиқлар” ўзини қандай тутишни билиш, унинг ҳар бир ҳаракати муайян оқибатлар келтиришини англаш учун керак. Тақиқларни аниқ билдириш, болани таҳқирламайдиган, уни қаршилик қилишга ундамайдиган шаклда тушунтириш керак. Агар биз катталар чегараларни белгиламасак, болалар уларни ушлаб кўришга ҳаракат қилишади. Бу эса кўп ҳолларда ачинарли оқибатларни келтириб чиқаради.

Фото: Unsplash

Эркинлик

Болага барча нарсалар ва одамлар, жумладан, ота-онасидан ҳам дам олиш учун вақт бериш керак. Бу вақтда у ўзи истаган машғулоти билан шуғулланади. Ўйнаб, зерикиб, орзу қилиб, тажриба ўтказиб, у ўзини излайди, қарорлар қабул қилиш, вақти ва ҳаётини бошқаришни ўрганади. Унда қизиқишларни излаб топиш, бемалол фикрлаш, тажрибага эга бўлиш, дўстлар орттириш ва дунёга ўз кўзлари билан боқиш имкони пайдо бўлади.

Илиқлик

Болани муҳаббат билан қуршаб олиш керак ва унинг эвазига ҳеч нарса талаб қилмаслик лозим. Унинг учун ота-онаси уни характери, ахлоқи, баҳолари, фахрий ёрлиқлари, спортда эришган ютуқлари учун эмас, айнан сизнинг фарзандингиз экани учун, қандай бор бўлса, шундайлигича яхши кўришингизни билиши муҳим. У билан яхши нарсалар содир бўлганида биргаликда қувонишимиз, ёмон бўлганида биргаликда хафа бўлишимиз лозим. У бизнинг унга қадрдон эканимиз, доим ёнида бўлишимизни ҳис қилиши лозим.

Бир қарашда бу қоидалар бир-бирига зид бўлиб кўринади. Кўпинча у чегарадан бунисига “бориб-келамиз”. Баъзида болаларга тўлиқ эркинлик берамиз, айрим ҳолларда уларни тўрт девор ичига “қамаймиз”. Ё барча нарсаларни танқид қиламиз ёки ҳаммасини бирваракайига мақтаймиз. Бироқ бу шартларнинг бари фақат ягона бирлашмадагина ишлайди.

Чегара, эркинлик ва илиқлик учлиги – болани замонавий оилада тарбиялашда меъёр ҳиссини йўқотмасликка ёрдам берадиган универсал рецепт.

Мавзуга оид