Хорижда уйланиб олган эр, тангликда қолдирилган она ва калтакланаётган бола – асл айбдор ким?
Аёл ўз боласини қийноққа солиб, боз устига буни видеотасвирга олиб Россияда ишлаётган эрига юборади. Бу видео эр орқали тегишли органларга етиб боради ва она жазога тортилади. Бу сўнгги вақтларда кўп учраётган ўхшаш ҳодисалардан бири. Kun.uz шу каби ҳодисалар қай тарзда юз беришига, бунга қандай омиллар сабаб бўлишига қизиқди. Видеони томоша қилиб, "ҳаммасига фақат аёлнинг ўзи сабабчи" деган фикрингиз бироз ўзгарса ажаб эмас.
Яқинда ўз боласини қийнаган аёлга нисбатан суд ҳукми ўқилди. Жамоатчилик воқеанинг фақат шу тафсилотини эшитди, холос. Хўш бунгача нима бўлганди?
Икки марта ўхшамаган турмуш – синган руҳият
Биз исмини шартли равишда Сурайё деб атайдиган қиз етимликда бувисининг қўлида, қийинчиликда катта бўлади. 19 ёшида қишлоқдошига узатилади. Орадан хеч қанча вақт ўтмай куёв ишлаш учун Россияга йўл олади ва у ерда бошқа аёлга уйланади. Сурайё билан ажрашади ва аёл бувисининг уйига қайтади.
Ўз кунини ўзи кўришга ҳаракат қилиб, турли жойларда ишлаб юрган Сурайё 2020 йилда иккинчи марта турмуш қуради. Аммо 2-турмушда ҳам уни шундай тақдир кутади – хорижга ишлагани кетган эри уйга қайтмаслигини, ўша ерда уйланганини айтади. Камига Сурайёнинг қўнғироқларига жавоб бермайди, ўғли учун пул ҳам юбормай қўяди. Бола парвариши билан банд, молиявий ва психологик танг ҳолатдаги аёл боласи билан яна кекса бувининг уйига қайтади.
Унинг фикр-хаёли қандай бўлмасин эрини уйга қайтариш эди. Шундай кунларнинг бирида у эри билан видеоқўнғироқ орқали гаплаша туриб боласини телефон кабели билан бўғади ва эрига агар қайтмаса ўзини ҳам, болани ҳам ўлдиришини айтади.
Аёлнинг бу ҳаракати эркак томонидан телефонга сақлаб олинади ва ИИБга юборилади. Тергов ҳаракатлари олиб борилиб иш судга оширилади.
Сурайё бу ишни жаҳл устида қилганлигини, аслида боласини бўғмаганлигини, кабелни унинг бўйнида ёлғондан ушлаб турганини, боласи уйқуси бузилгани учун йиғлаганини айтади. Лекин суд уни Жиноят кодексининг 110-моддаси (қийнаш) 2-қисмининг “а,в” бандлари ва 112-моддасининг (Ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топди. Аёлга 2 йил 6 ой озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
Аёлнинг бу ҳолатга келишида эркак айбдор
Кейинги вақтларда аёллар томонидан турмуш ўртоғидан аламини олиш мақсадида боласига азоб бериш ҳолатлари кўпаймоқда. Кузатилган ҳолатларнинг аксариятида аёллар ишлаш учун чет элга кетган турмуш ўртоғи билан жанжаллашув ортидан шундай қилишганини, бу асабийликдан эканлигини таъкидлашган.
Психотерапевт Гули Тўраева бу агрессининг сабаблари ҳақида гапирди:
“Физиологик жиҳатдан аёлнинг организмида ҳар икки соатда гормонлар ўйнаб туради, эркакларда эса бу ҳолат бир кунда бир марта юз беради. Бу дегани аёллар эмоционал ва ўта ҳиссиётга берилувчан бўлишади.
Бола тарбияси онанинг ўрни беқиёс, бола дунёни она орқали кўради. Илк меҳрни, ҳимояни, ҳамма-ҳамма нарсани онаси орқали кўради. Лекин ўша нарсани боласига бериши учун онанинг ўзи тўлиқ таъминланган бўлиши керак. Аёл жисмонан заифа бўлгани учун ҳимояга муҳтож. Ҳомиладор пайтида заиф, эмизикли пайтида заиф, туғруқдан кейинги ҳолатларда заиф – мана шу пайтда унинг ёнида ҳимоячиси бўлмаса, уни қўллаб-қувватловчиси бўлмаса, бу заиф организмга берилган юклама қийинчиликни туғдиради.
Аёлнинг мана шу ҳолатга келишида эркак киши айбдор. Бу кейсда аёл агрессия кўрсатяпти, буни тўғридан тўғри эмас, болалари орқали кўрсатяпти. Агрессияга сабаб аёлнинг эҳтиёжлари қондирилмаганлиги. Аёл нимага муҳтож? Биринчи ўринда ҳимояга ва меҳрга муҳтож. Ҳимоя – иқтисодий ва маънавий бўлиши мумкин. Эркак уйланиб кетгани маънавий, пул юбормаслиги иқтисодий ҳимоя йўқлиги ҳисобланади. Бу эҳтиёжлари қондирилмаган аёлда агрессия юзага келади”.
Болаларнинг катталар ўртасидаги муносабатда “қурол”га айланиб қолиш ҳолати кўп учрайди. Мисол тариқасида айримларини келтириб ўтамиз.
Масалан, ургутлик аёлнинг ўз фарзандини калтаклаётгани акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалиб, кўпчиликнинг эътирозларига сабаб бўлганди. У фарзандини уради ва Россия давлатига ишлаш учун кетган турмуш ўртоғига жўнатади.
Аёл суҳбат давомида турмуш ўртоғи билан сўнгги пайтларда келишмай қолгани, уни кўп ҳақорат қилиши ҳақида гапиради. Ўша куни ҳам ўртада оғир гаплар айтилгач, ўзини тўхтата олмай қолганини маълум қилади.
“Ҳамма ота-она ҳам фарзандини уриши мумкин. Бироқ мен турмуш ўртоғимга аччиқ қилиб бундай қилганимдан қаттиқ афсусдаман. Болаларимни жонимдан ортиқ яхши кўраман. Энди эрим билан яшамаган тақдиримда ҳам болаларимни олиб кетаман ва ҳеч қачон уларга тазйиқ ўтказмайман. Қаттиқ асабийлашдим, шу сабабли ўзимни тўхтата олмай қолдим”, деди аёл.
Унинг руҳий ҳолатини ўрганган психолог бу ҳаракатни кучли руҳий ҳолатда қилганини, эрига ниманидир исботламоқчи бўлганини таъкидлаган.
Бухоро вилоятида кузатилган ҳолатда эса аёл хориждаги турмуш ўртоғи уларнинг ҳолидан хабар олмаётгани ва етарлича пул жўнатмаётганидан жаҳл қилиб, гўдак ёшидаги қизларини шафқатсизларча калтаклайди. Аёл бу ҳаракати учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси 1-қисмида (болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик) кўрсатилган ҳуқуқбузарлик бўйича айбли деб топилган ва жарима жазосига тортилган. Шунингдек, у фарзанд тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи она сифатида рўйхатга олинган.
Болага зўравонликда эркакнинг ҳам улуши борлигини ҳисобга олиш керак
Психолог Шоира Исоқова бу зўравонликда онани шу ҳолатга олиб келган отанинг ҳам улуши борлиги ҳисобга олинмасдан улар жазодан ташқарида қолиб кетиши, танганинг иккинчи тарафини ҳам кўриш кераклигини таъкидлади:
“Бундай вазиятларда аёлларимиз тажовузкор бўлиб, фарзанд тарбиясидаги илмсизлиги туфайли болаларига зулм ўтказаётганлигини кўряпмиз. Бу жуда ачинарли. Лекин бунда йиллар давомида аёлига эътибор бермайдиган, хорижга чиқиб кетиб бошқа аёлга уйланиб олган эркакнларга нисбатан жазо чораси нега қўлланилмайди? Ахир ота-она фарзанди учун бир хил масъул, бир хил мажбуриятга эга эмасми? Фақат аёллар жазоланади-ю, уни шу ҳолатга олиб келган, болаларидан ҳатто телефонда хабар олмайдиган эркаклар жазодан ташқарида қолиб кетади. Бу нотўғри.
Бу масалани ечиш учун болага нисбатан агрессивлиги, тажовузкорлиги учун жазо бераётган пайтда эркакнинг улушини ҳам ҳисобга олишимиз керак. Аёлнинг бу хатти-ҳаракатига эркак ҳам сабабчи эканлигини унутмаслигимиз керак”.
Ўзбекистонда ажримлар бўйича расмий статистика ошиб бораётгани сир эмас. Бундан 10 йил олдин республикамизда ажрашган оилалар бир йилда 24 мингдан ошган бўлса, бугунга келиб бу рақам 50 мингга етган. Улар орасида ишлаш мақсадида хорижга кетиб уйланган ва Ўзбекистондаги оиласидан ажрашганлар ҳам талайгина. Бунга юқоридаги ҳолат ҳам мисол бўла олади.
Албатта эрнинг аламини боладан олаётган аёлларни оқлаб бўлмайди. Лекин унинг руҳий ва моддий ҳолатини шу вазиятга олиб келган сабаблар ҳам инобатга олиниши зарур.Бу Ўзбекистонда аёллар орасида жиноятчилик сони ошишига ҳам сабаб бўлиши мумкин.
Гулмира Тошниёзова
Руслан Сабуров
Kun.uz
Мавзуга оид
17:16 / 05.09.2024
“Битта фарзанд” сиёсатидан сўнг: хитойлик аёллар ҳалигача болали бўлишни хоҳламаяпти
17:48 / 12.08.2024
Бирни кўриб фикр қил, бирни кўриб шукр... Харобадаги Жаннат
07:36 / 25.07.2024
Ўзбекистонда ярим йил ичида ажрашган оилалар сони айтилди
08:41 / 19.07.2024