Ўзбекистон | 17:45 / 18.10.2018
16383
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда инвестицион муҳит ривожланишига салбий таъсир қилаётган омиллар маълум қилинди

“Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида”ги қонун концепциясида таъкидланишича, Ўзбекистонда инвесторлар учун солиқ оғирлигини пасайтиришга ва солиққа тортиш тизимини соддалаштиришга, соғлом рақобат муҳитини қўллаб-қувватлашга йўналтирилган солиқ сиёсати ва солиқ-тариф бошқаруви ислоҳотлари жадал суръатларда амалга оширилмоқда.

“Шу билан бирга, инвесторлар билан ишлашда, айниқса, жойларда, инвесторларнинг ташаббуслари барча даражадаги ҳокимликлар томонидан лозим даражада қўллаб-қувватланмаслиги, бу борада вазирлик ва идоралар фаолияти аниқ  мувофиқлаштирилмаганлиги билан боғлиқ бюрократик тўсиқ ва ғовлар ҳали ҳам мавжудлиги қулай инвестиция муҳитини шакллантириш бўйича давлат сиёсатининг изчиллигига бўлган ишончнинг мустаҳкамланишига тўсқинлик қилмоқда”, дейилади унда.

Ҳужжатда айтилишича, вазият таҳлили ва унинг инвестиция фаолият субъектлари билан бирга муҳокама қилиниши натижасида ҳозирги вақтда инвестициялаш шартларини ёмонлаштирувчи қуйидаги салбий омиллар мавжудлиги маълум бўлди:

- олинган инвестиция ресурсларидан минтақавий ва корпоратив бошқарув даражаларида самарасиз фойдаланиш;

- инвестицион менежментнинг бошқарувнинг барча даражаларидаги паст сифати;

- мулкчилик ҳуқуқининг белгиланмаганлиги, инвесторларнинг ҳам, инвестициялаш объектлари корхоналарининг ҳам молиявий аҳволининг паст даражаси сабабли қўшилган маблағларни қайтариб берилмаслик эҳтимолига боғлиқ бўлган юқори инвестиция хатарлари;

- давлатнинг молиявий ва солиқ сиёсатидаги ўзгаришларнинг кутилмаган юқори даражаси;

- корпоратив инвестиция битимларининг (концессиялар, давлат-хусусий ҳамкорлигининг) ривожланмаганлиги;

- инвесторларга қўшимча мажбуриятлар орқали ноқонуний малоллик келтириш;

- назорат органларини инвесторларнинг хўжалик фаолиятига аралаштирмаслик;

- инвесторларга материаллар, ускуналар, уларнинг бутловчи қисмлари ҳамда улар нархлари ва сифати бўйича манфаатдор бўлмаган бошқа товарларни сотиб олиш юзасидан мажбуриятлар юклаш;

- янги ташкил этилаётган корхоналарда қарздорлик юкламаларини ошириш;

- солиқ ва божхона солиқлари, шунингдек, давлат кафолатлари берилишининг нотиниқ тизими.

“Давлат органларининг “миллий манфаатлари” ва кўрсатмаларига амал қилиб судлар одатда миллий ҳамкорлик томонини қабул қилиб ва оқибатда кўпинча кейинчалик халқаро судларда кўриб чиқиладиган ноқонуний қарорлар қабул қилганларида инвестиция низолари бўйича Ўзбекистон судларининг ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳам инвестицион муаммоларни янада кучайтиради”, дейилади ҳужжатда.

Натижада, Ўзбекистоннинг инвестиция имижига тўлдириб бўлмайдиган зарар етказилади.

Эътироф этилишича, юқорида қайд этиб ўтилган омиллар туфайли инвестициялар соҳасидаги асосий халқаро ҳужжатларга биноан, Ўзбекистон Республикасида инвестицион фаолиятни тартибга солиш бўйича самарали инвестицион сиёсатни амалга оширилишини таъминлашга қодир бўлган илғор, миллий ва хорижий тажрибаларни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган ягона унификацияланган қонунчилик ҳужжат доирасида барча уюшмаган амалдаги қонунчилик ҳужжатларини мустаҳкамлаш имкониятини кўриб чиқиш зарурати туғилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси эксперт ва илмий доиралар вакиллари билан ҳамкорликда “Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисидаги қонун” концепциясини ишлаб чиққани хабар қилинганди.

Мавзуга оид