Ўзбекистон | 12:22 / 20.10.2018
3177
2 дақиқада ўқилади

Ўзмиллийбанк ва Россия Сбербанки $350 миллионлик ҳамкорлик шартномасини имзолади

Фото: Ўзмиллийбанк

Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги минтақалараро ҳамкорлик форуми доирасида Ўзмиллийбанк ва Сбербанк 350 миллион АҚШ долларлик ҳамкорлик шартномасини имзолади.

Шартнома Россия Сбербанки билан йирик лойиҳаларни ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасидаги лойиҳаларни молиялаштириш бўйича ҳамкорликни назарда тутади. Бундан ташқари, мазкур келишув Ўзмиллийбанк мижозларига Сбербанкнинг кенг кўламли хизматларидан – молиялаштиришни тузиш, савдони молиялаш, лойиҳаларни молиялаштириш ҳамда товар ва хизматлар хариди вақтида ишончли ва тасдиқланган етказиб берувчиларни танлаш учун Сбербанк маълумотлар базасидан фойдаланиш имконини беради.

Ушбу кредит линиясининг афзаллиги шундаки, юқори технологик ускуналар ва хизматларини етказиб бериш, нафақат  Россия, балки Сбербанкнинг филиаллари тармоғи мавжуд бўлган мамлакатлардан  (Беларусь, Қозоғистон, Tуркия, Швейцария, Чехия, Венгрия, Сербия, Хорватия, Словения, Босния ва Герсоговина) ҳам амалга ошириш имконини беради.  

Сбербанк кредит линияси, давлатнинг кафолатсиз, экспорт-кредит агентликлари суғурта қопламаси асосида жалб қилинади.
Россия Сбербанки билан ҳамкорлик нафақат кредит ресурсларини жалб қилиш билан чегараланиб қолмай, балки Россия банкининг чакана банк хизматлари, замонавий ахборот технологиялари ва мижозларга хизмат кўрсатишдаги энг яхши амалиётларини ўрганиш ва уни Ўзмиллийбанк тизимига киритиш имконини берадиган Сбербанк корпоратив университетида Ўзмиллийбанк ходимларини тайёрлашни ўз ичига олади.

ОАЖ “Россия Сбербанки” 1841 йилда ташкил топган бўлиб, бугунги кунда Россия ва МДҲ мамлакатларида активлари бўйича 1-ўриндаги банк (418 млрд. АҚШ доллари) ва у энг кенг бўлинмалар тармоғига эга бўлиб, дунё бўйлаб 110 млн.  мижозларига инвестицион ва банк хизматларининг тўлиқ спектрини таклиф қилувчи банк ҳисобланади.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид