18:30 / 21.10.2018
18644

Сиёсий абсентеизм: «Биз қўрқоқмизми?»

Фото: Depositphotos

«АҚШ президенти Сурияга ҳужумни бошлабди. Россия ҳам қараб турмаяпти. Туркия кучини кўрсатиб қўяди». Ижтимоий тармоқларга жойлаштирилган хабарлар остида айнан шу мазмундаги изоҳларни ўқиб, (жаҳон сиёсатини тушунишга интилиши учун ўқувчиларга раҳмат, бироқ...) ҳафсалам пир бўлади.

Нега «хонтахта экспертлари» Ўзбекистонда юз бераётган ўзгаришлар даврида ҳам ўз фикрини билдиришга (гарчи барча конструктив бўлмаса-да, гарчи асосли аргументлар билан бойитилмаса-да) ҳаракат қилмайди? Лоақал давлат раҳбари ва ҳукумат билдирган ташаббусларни чуқур англамаса ҳам, бевосита халқнинг ҳаёти билан боғлиқ ўзгаришларга муносабат билдиришдан «қўрқади». Аслида, биз «қўрқув» дея атаган ҳолатнинг илмий асосланган номи бор – сиёсий абсентеизм.

Сиёсий абсентеизм нима?

Абсентеизм (лот. absens, absentis — бўшлиқ, англ. absenteeism) сайловчиларнинг сайлов жараёнида иштирок этишдан қочиши, кенг тушунчада эса ҳаракатсизлик билан ифодаланувчи сиёсий характер, электорал ташаббус, партиявий масъулиятдан бўйин товлаш, митинг ва намойишларда иштирок этмаслик тушунилади. Шунингдек, абсентеизм иш жойидан ҳеч қачон топиш мумкин бўлмаган ходимга нисбатан айтилади, бундай муносабат тарихан индивидуал салбий характер билан боғланади.

Социологияда мана шу жараёнга бирмунча тушунарли изоҳ берилган, яъни абсентеизм пайдо бўлган муҳитда шахснинг психологик модули яратилган шароитга мослашмаган бўлади. Соддароқ қилиб айтганда, у атрофдаги муносабатлардан қониқиш ҳис этмайди.

Шундай қилиб, сиёсий абсентеизмнинг пайдо бўлиши ва кучайишига қандай омиллар фаол таъсир қилиши мумкин?

Европада кексалар федерацияси аъзоси Дирк Жарренинг фикрича, қашшоқлик ва ижтимоий ҳимоядан мосуво бўлиш жамиятда абсентеизм кайфиятини ошириб юборади.

«Европа 2020 стратегияси» минтақада 20 миллионга яқин кишини 2020 йилга қадар қашшоқликдан қутқариб, уларнинг ижтимоий ҳимоя қилинишини назарда тутади. Шунга қарамай, 2015 йил тўпланган маълумотларга кўра, муайян синфга мансуб кишиларнинг аҳволи янада ёмонлашмоқда. Бунга қадар, 2010 йили муқобил стратегия қабул қилинганди, иқтисодиёт ривожланди, аммо у ҳам ёрдам бермади», дейди Дирк.

Федерация аъзосининг айтишича, иқтисодий-ижтимоий муаммолар исканжасида қолган кишилар (улар эса ЕИ аҳолисининг чорак қисмини - 118 млн кишини ташкил этмоқда) сиёсий жараёнларда иштирок этишга ўзида рағбат топмайди.

«Ишсиз кишиларнинг 66 фоизи, ўрта махсус таълимга эга аҳолининг 35 фоизи, 24 ёшгача бўлган ёшларнинг 31 фоизи мана шу категорияга кириш хавфи остида турибди», дейди у.

Шу туфайли қашшоқлик ва ижтимоий нотенгликка қарши муросасиз кураш таъминланмас экан, демократия ва мамлакат фаровонлиги шубҳа остида қолаверади. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш (аслида ҳуқуқларини танитиш) ҳанузгача комплекс ёндашувга эга бўлмаган жамиятда фуқароларнинг сиёсий фаоллиги талаб этилади. 

Ўзбекистон матбуотида «қашшоқ оила» термини кам учрайди, унинг ўрнига «кам таъминланган оила», «эҳтиёжманд оила» каби сўз бирикмалари қўлланилади. Кўпинча, «кам таъминланган оила» яшаш жойи бўйича маҳалла фуқаролар йиғинида рўйхатга олинган. Табиийки, бу борада расмий статистика бирмунча кичик рақамлардан иборат. Аммо, бундай муносабат билан аҳолининг катта қисми иқтисодий-ижтимоий муаммолар билан «банд» бўлиб қолганини яшириб бўлмайди. 

Осиё тараққиёт банки маълумотига (2016 йил) кўра, Ўзбекистонда қашшоқликда кун кечираётган кишилар умумий аҳолининг 12,3 фоизини ташкил этади. Яъни, банк мутахассислари ҳар битта давлатнинг «миллий қашшоқлик» даражасини ишлаб чиққан бўлиб, қизил чизиқдан қуйида бўлган аҳоли сони «қашшоқ одамлар» сифатида эътироф этади. 

Таҳлилга бошқа назар билан қарасак, бугунги кунда дунё аҳолисининг деярли ярми бир суткада 2,5 АҚШ долларидан (тахминан 20 минг сўм) камроқ пулга кун кечиради. Давлат статистика қўмитасига кўра, республикада ўртача ойлик даромад 1 млн 684,5 минг сўмдир. Энг юқори ўртача ойлик иш ҳақи эса 3 млн 213 минг сўмдан ортиқроқни ташкил этади —  молиявий ва суғурта фаолияти соҳасидаги ходимлар шунча даромад топади.

Маълумотга кўра, энг кам ўртача номинал иш ҳақи эса соғлиқни сақлаш ва ижтимоий соҳа ходимларига ҳисобланган. Уларнинг ўртача номинал иш ҳақи 1 млн 85 минг сўмга тенг бўлган. Таълим соҳасида ишлаётганлар ҳам бошқа соҳа вакилларига нисбатан камроқ маош олишлари маълум бўлди. Уларнинг ўртача номинал иш ҳақи 1 млн 300 минг сўмга яқин. Жаҳон тажрибасига кўра, қашшоқ одам бир ойда тахминан 610 минг сўмга умр кечиришини инобатга олсак, айни пайтдаги аҳволимиз ҳам бизни хурсанд қилмайди. 

Масаланинг илк тугунига қайтиб, хулоса қиладиган бўлсам, биз сиёсий жараёнларда фаол бўлмаган, муносабат билдиришдан қўрқадиган кишилар эмасмиз, шунчаки, қашшоқмиз. Сиёсий фаолликка қадар, мамлакатда юз бераётган ҳодисаларга индивидуал муносабат билдиришдан-да, кўпроқ ташвишлантирадиган ўз муаммоларимиз талайгина халқмиз.

Алишер Рўзиохунов

Top