Ўзбекистон | 22:00 / 22.10.2018
50801
3 дақиқада ўқилади

Навбатдагиси. Учтепадаги газ қуйиш шохобчасида портлаш содир бўлди (фото)

2018 йил 21 октябрь куни соат 20:00да Тошкент шаҳрининг Учтепа тумани, Изза даҳасида жойлашган «Power auto gas» МЧЖга қарашли автомашиналарга газ қўйиш шохобчасида ВАЗ 2106 русумли автомашина газ баллони ёрилиб, портлади. Бу ҳақда туман кенгаши депутати Нуриддин Зайнитдинов Facebook’даги саҳифасида маълум қилди.

Фото: Facebook / Нуриддин Зайнитдинов

Сурхондарёлик Ш.М. бошқарувидаги Тошкент вилояти, Зангиота туманидан рўйхатдан ўтган, 80 литр ҳажмдаги метан газ ускунаси ўрнатилган, 2018 йил апрель ойида техник кўрикдан ўтган машина орқа қисми ва кузов деталлари бўлакларга ажралиб, турли томонларга сочилиб кетган.

Фото: Facebook / Нуриддин Зайнитдинов

Ҳодиса содир бўлган жойда Учтепа тумани, 31-мавзеда истиқомат қилувчи 296-мактабнинг 9-синф ўқувчиси Б.Б. «ўнг оёқ сон тепа қисми урилиб шилинган яраси» жароҳати олганлиги аниқланган. Воқеа жойида унга биринчи ёрдам кўрсатилган, касалхонага мурожаат қилинмаган.

Шохобчага содир бўлган жойга тегишли хизматлар вакиллари етиб бориб, МЧЖ техник ходимлари билан бирга атроф ўралиб, фуқаролар хавфсизлиги таъминланган.

Ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб бормоқда.

Таъкидлаш жоиз, сўнгги пайтларда бундай ҳодисалар кўп кузатилмоқда ва ачинарлиси уларда одамлар ҳалок бўлмоқда.

Жумладан, Фарғона вилояти Фарғона шаҳри марказидан шимолга қараб 4 километр узоқликда жойлашган «Киргули» мавзесида жойлашган автомобилларга газ қўйиш шохобчасида портлаш бўлган. Портлаш натижасида 1 киши, АГҚШ ишчиси воқеа жойининг ўзида вафот этган. Ҳайдовчи эса турли тан жароҳатлари олиб шифохонага олиб борилган.

Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида 2018 йилнинг 4 март куни соат 19:15ларда «Шўрқудуқ» маҳалласи ҳудудида жойлашган «Одил» МЧЖга қарашли автомашиналарга суюлтирилган газ қуйиш шохобчасида портлаш содир бўлган. Икки киши куйиш жароҳатлари билан касалхонага ётқизилган.

2018 йилнинг 24 июнь куни Наманган шаҳридаги «Дўстлик» шоҳкўчасида жойлашган «Лазаф голд сервис» МЧЖга қарашли автомобилларга газ тўлдириш шохобчасида портлаш содир бўлган. «Оромгоҳ» МФЙда яшовчи Ш.Ҳ. ўзининг «ВАЗ-21063» русумли машинасига газ тўлдираётганида автомобилга ўрнатилган газ баллони ёрилиб кетган.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид