Жаҳон | 14:56 / 22.10.2018
10189
2 дақиқада ўқилади

Супервулқоннинг фалокатли отилиши сабаблари маълум қилинди

Фото: Chad Deering/MICHIGAN TECH

Вандербильт университети ва Мичиган технологиялар университети (АҚШ) олимлари Янги Зеландиядаги Таупо супервулқонининг отилишига нима сабаб бўлганини аниқлашди. Тадқиқотчилар хулосасига кўра, у бошқа, нисбатан паст отилишлар натижасида магма юзага кўтарилгани туфайли содир бўлган. Бу ҳақда Science Alert нашри хабар бермоқда.

Таупо супервулқони отилиши ёки Оруануи уйғониши 26,5 минг йил илгари содир бўлган. Вулқон фаоллиги шкаласи бўйича максимал саккиз баллга етган фалокат натижасида 530 куб километрга яқин магма чиқариб ташланган. Маълумки, 350-240 минг йил олдин Таупо етти маротаба уйғонган, бу Оруануининг кучига таъсир қилган бўлиши мумкин.

Вулқоншунослар Таупо вулқон зонасидаги кўпиктош қатламларини таҳлил қилишди. Маълум бўлишича, ҳар бир кичик отилишда тахминан 50-150 куб километр магма чиқарилган ҳамда вулқон қатламлари юзага яқинлашиб борган. Гарчи кичик портлашлар суперотилиш эҳтимолини камайтирган бўлса-да, магманинг «поғонали» кўтарилиши вулқоннинг кейинги фаоллигига ҳисса қўшган. Минг йиллар давомида эриган жинслар кичик ва нисбатан чуқур бўлмаган камераларга кириб, майда портлашларни келтириб чиқарган. Охир-оқибат, магма Оруануи отилиши учун етарли миқдорда тўпланган.

Олимларнинг фикрига кўра, тадқиқот натижалари Йеллоустон каби супервулқонларнинг отилиш вақти ва бу қандай шароитда юз беришини тахмин қилиш имконини беради.

Мавзуга оид