Ўзбекистон | 02:11 / 25.10.2018
27548
8 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда касб-ҳунар таълими тизими муассасаларини уч тоифага бўлиш таклиф этилмоқда

Фото: Sputnik

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 24 октябрь куни олий таълим соҳасини янада ривожлантириш, кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини кенгайтириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказгани ҳақида олдинроқ хабар берган эдик.

Мазкур йиғилишда кўплаб таклифлар берилди, жумладан, талабалар қабулининг соддалашган тизимини жорий этиш орқали қабул жараёнини квота тизимидан давлат буюртмаси ва табақалашган тўлов-контракт тизимига ўтказиш зарурлиги таъкидланди. Олий таълим муассасаларининг халқаро нуфузини ошириш, педагог кадрларнинг илмий-педагогик фаолиятини муносиб рағбатлантириш мақсадида марказлашган молиялаштиришдан ўз-ўзини молиялаштириш ва иқтисодий мустақил тизимга ўтиш вазифаси қўйилди.

Ўзбекистон Республикаси бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов Kun.uz мухбири билан суҳбатда давлат раҳбари ташаббуси билан таълим соҳасида кенг кўламдаги ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлаб ўтди

— Дастлабки босқичда президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шахсий ташаббуси мазкур ислоҳотлар мактабгача таълим тизими ва ўрта таълим тизимида бошланган бўлса, албатта, бу ҳаракатларнинг давоми сифатида олий ва ўрта махсус таълим тизимини ҳам тубдан такомиллаштириш бўйича бизнинг олдимизда турган қатор вазифаларни бажаришга ундайди.

Маълумки, глобаллашув даврида мамлакатнинг ривожланиш даражаси нафақат ижтимоий-иқтисодий, маданий кўрсаткичлари билан белгиланади, балки унинг қудрати ва кучи интеллектуал салоҳиятга таянади.

Ишонч билан шуни айтиш мумкинки, яқин келажакда, «инсон капитали»ни ривожлантиришга йўналтирилган ва таълим ҳамда илмий-техник тараққиёт ютуқларига таянган иқтисодиёт янада рақобатбардош ва юқори самарадорликка эга бўлади.

Ушбу нигоҳда, Ўзбекистон Республикаси раҳбариятида «инсон капитали» ва таълимга доимий инвестиция қилиш — ривожланган демократик давлат шаклланишига ҳамда тараққиётнинг жадал равишларда ўз аксини топишига ишонч уйғотмоқда.

Бугунги кунда, давлат раҳбари раҳнамолигида, олий мактабни ислоҳ қилиш, унинг педагогик, тарбиявий ва маърифий бўғинларини янада такомиллаштириш масалаларига катта эътибор қаратилмоқда, бу эса, натижада таълим хизматлари бозорида олий ўқув юртларимизнинг жозибадорлигини кескин равишда оширишга хизмат қилмоқда.

Ҳар йили 600 мингдан зиёд йигит ва қизларимиз ўқишга кириш истагида олий таълим муассасаларига ҳужжат топширишади, лекин афсус қамров даражаси фақатгина 7–9 фоизни ташкил этади.

Президент ташаббуси билан 2018 йилда таълим шакллари ва йўналишларини диверсификациялаш ҳисобига қабул квоталари ўтган йилга нисбатан 30 фоизга оширилди. Бунга яққол далил сифатида, жорий йилда 103 мингга яқин талаба ўқишга қабул қилинганини мисол келтириш мумкин.

Жорий йилнинг ўзида Ўзбекистонда Жанубий Кореянинг Пучон ва Ёджу университетлари, АҚШнинг Вебстер университети, Латвиянинг ИСМА академияси очилди.

Бу борада Франциянинг Модалар академияси, Страсбург, Сорбонна, Витель ва Сержи-Понтуа университетлари; Ҳиндистоннинг Амити, Шарда ва Интеграл университетлари; Туркиянинг Ҳожитепа университети (унда минтақадаги энг яхши тиббиёт факультети мавжуд) филиалларини очиш масалаларида ҳам барча ташкилий ишлар олиб борилмоқда.

Хорижий олий таълим муассасаларининг филиалларини очиш борасида шахсан президентимиз томонидан яратиб берилган қулайликлар учун алоҳида миннатдорчилигимизни билдиришимиз керак.

Биринчидан, «Ўзбекистон Республикасининг 2018 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги қарор қабул қилинди. Унга мувофиқ, Ўзбекистон ҳудудида хорижий олий таълим муассасалари филиалларига фаолият юритишга ҳуқуқ берилиб, улар 2023 йилгача солиқ ва мажбурий тўловлардан озод этилади;

Иккинчидан, «Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор. Унга мувофиқ, дунёнинг ТОП-1000лигига кирган олий таълим муассасаларига Ўзбекистон ҳудудида ўз фаолиятини лицензияларсиз амалга оширишига рухсат берилади.

Ушбу қарорларни амалда бажариш, минтақавий таълим хизматлари бозорида миллий таълим тизимининг рақобатбардошлигини кескин оширади.

Бир неча кун олдин ўтказилган Ўзбекистон – Россия таълим форуми доирасида муҳокама қилинган масалалардан ҳамда ривожланган ҳамкор давлатларнинг таълим тизимлари билан ўзаро интеграциялашув жараёнларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини «Ўрта Осиёнинг таълим хаби»га айлантириш муҳим аҳамият касб этмоқда. Буни амалга ошириш учун, Давлатимизнинг ҳам қудрати етарли ва барча имкониятларимиз бор, деб ҳисоблаймиз.

Бу борада қуйидагилар таклиф этилмоқда:

1. Хорижий ҳамкорлар билан филиаллар, қўшма факультетлар, кафедралар ва қўшма таълим дастурларини ташкил этишни ривожлантириш;

2. Таълим, фан ва ишлаб чиқаришнинг самарали интеграциясини таъминлаш ҳамда инновацион технологияларни жорий этиш йўли билан олий таълим муассасаларининг илмий салоҳиятини ошириб бориш;

3. Иқтидорли ёш илмий-педагогик кадрларнинг ҳамкор давлатларнинг етакчи таълим ва илмий муассасаларида малакасини оширишни мунтазам ташкил этиш.

Президентимиз йиғилишда касб-ҳунар таълими муассасаларининг янги тармоғини яратиш масаласини ҳам таъкидлаб ўтди.

Республика комиссияси томонидан касб-ҳунар таълими тизимида муассасаларни уч тоифага бўлиш таклиф этилади. Булар:

Биринчиси — бу Ўзбекистон амалиётида илк маротаба жорий этилиши таклиф этилаётган олий таълимнинг бакалавриати билан уйғунлашган ҳолда фаолият кўрсатадиган, асосан республикамиз ҳудудларининг марказларида, лозим бўлса Қўқон, Денов каби йирик шаҳарларда ташкил этиладиган таълим муассасалари тармоғи (associate degree, 2 йиллик таълим дастури);

Иккинчиси — хорижда ҳам «vocational center» деб номланадиган, ишчи ва хизмат кўрсатувчи малакали мутахассислар тайёрлайдиган марказлар. Бунда, талаб нафақат ички меҳнат бозорида, балки ташқи меҳнат бозорида ҳам рақобат қиладиган ишчи мутахассислар (электр усталари, пайвандловчи, аргон пайвандловчилари, лифт усталари каби) тайёрланади;

Учинчи тоифа — бу асосан қишлоқ ҳудудларида долзарб бўлган тадбиркорлик фаолиятга (томорқа бизнеси) йўналтирилган билим, малака кўникмаларини берадиган муассасалар бўлади (собиқ касб-ҳунар ўқув юртлари сингари).

Бир ой муддатда мана шу схема бўйича тегишли ҳужжат лойиҳаси тайёрланади.

Яна бир масала: президент томонидан имзоланган ҳужжатларда олий таълим тизимида дистанцион таълим технологияларини жорий қилиш вазифалари белгиланган.

Ушбу вазифаларни рўёбга чиқариш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси томонидан «Ўзбекистон Республикасида дистанцион олий таълим тизимини тезкор жорий этиш учун тегишли шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси президенти қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Қарор тасдиқланганидан сўнг, дистанцион таълимни жорий этиш бўйича барча чора-тадбирлар амалга оширилади.

Бугунги кунда дунёнинг ривожланган мамлакатларида олий таълим тизимларида модуль тизими асосида ўқув жараёнини ташкил этиш ва талабалар ҳамда профессор-ўқитувчиларнинг мобиллиги муҳим аҳамият касб этади ва бу жараён ўз йўлида олий маълумот олишга кенг имкониятлар яратади. Бу жараёнлар «Болонья жараёни» орқали амалга оширилади ва қатор афзалликларга эга. Агар Ўзбекистон олий таълим тизими «Болонья жараёни»га кирадиган бўлса, биз ўзимизда берилган олий маълумот тўғрисидаги даражаларни Европа Иттифоқи миқёсида тан олишга эришамиз ва бу келажакда, Ўзбекистон таълим тизимига қизиқиш билдириб, ўқишга келадиган талабалар сони ортишига ва мўлжалланаётган «Таълим хаби»ни амалда яратишда улкан ёрдам бўлади.

Мавзуга оид