Light | 22:33 / 29.10.2018
26529
2 дақиқада ўқилади

Дунёда энг тез ўсаётган сайёҳлик йўналишлари маълум қилинди 

Жаҳон туристик ташкилоти (UNWTO) таҳлилчилари охирги ҳисоботларида хорижий туристик оқимлар бўйича энг катта ўсишга эга бўлган 10 давлат номини маълум қилишди. 

2017 йил натижаларига кўра туристик оқимлар ўсиши динамикаси бўйича 1-ўринни Миср эгаллаган. Таҳлилий маълумотларга кўра, 2017 йилда Мисрда 2016 йилга нисбатан хорижий туристик оқим 55,1 фоизга ўсган.

Мисрга асосан Ғарбий Европа давлатларидан (Германия, Буюк Британия, Италия ва Франция) сайёҳлар ташриф буюради.   

2-ўринни Того (Ғарбий Африка) эгаллаган (йиллик ўсиш 46,7 фоиз). Гвинея кўрфазидаги ушбу давлатга 2018 йилда деярли ярим миллион хорижий сайёҳ келган. 

Етакчи учталикни 29,1 фоизлик ўсиш билан Вьетнам якунламоқда. Бу ерга келувчи хорижий сайёҳларнинг учдан бир қисмини хитойликлар, бешдан бирини жанубий кореяликлар, қолган қисмини асосан японлар, тайванликлар ва америкаликлар ташкил қилади.   

Етакчи бешталикдан Грузия (27,9 фоизлик ўсиш) ва Фаластин мухторияти (+25,7 фоиз) ҳам жой олган. Ўнталикка Океаниядаги орол давлат Ниуэ ( (25,4 фоиз), Непал (24,8 фоиз), Исроил (24,6 фоиз), Шимолий Мариана ороллари (24,3 фоиз) ҳамда Туркия ва Исландия (24,1 фоиздан) киритилган.

Мавзуга оид