Иқтисодиёт | 17:34 / 01.11.2018
16566
2 дақиқада ўқилади

ЕТТБ Ўзбекистон иқтисодиёти ўсиш суръатлари пасайишини тахмин қилди

Марказий Осиёдаги иқтисодий ўсиш 2018 ва 2019 йилларда секинлашади, бу минтақада бюджет консолидацияси зарурати ва қазиб олиш секторидаги ўсиш суръатлари пасайишини акс эттиради, дея таъкидлайди Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ).

ЕТТБнинг «Минтақавий иқтисодий истиқболлар» сўнгги ҳисоботида кўрсатилишича, минтақада ўсиш суръатлари 2017 йилдаги 4,8%дан 2018 йилдаги 4,6%гача пасаяди. Бу бюджет консолидацияси чоралари ва Қирғизистонда олтин қазиб олишнинг кескин пасайиши натижасида юз беради, дея хабар қилишди ЕТТБнинг Қирғизистон Республикасидаги ваколатхонасидан.

Кутилишича, 2019 йилда ўсиш суръатлари янада пасаяди - қазиб олиш секторида даромадлар тушиши ҳамда реал даромадлар ва шахсий истеъмол ўсишини чекловчи инфляция даражаси кўтарилиши шароитида 4,2%гача.

Шунга қарамай, ҳисоботда қайд этилишича, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистонда пул ўтказмалари миқдори тикланишда давом этмоқда, аммо улар 2013-2014 йиллардаги инқироздан аввалги даражадан пастлигича қолмоқда.

«Ўзбекистонда жорий йилда иқтисодий ўсиш бирмунча секинлашди, бу савдо балансининг дефицитга ўтиши ва нархлар кўтарилиши туфайли уй хўжалиги истеъмоли ўсишининг пасайишини акс эттиради», - дейилади ҳисоботда.

Банк мутахассислари фикрича, Ўзбекистонда ислоҳотларни илгари суриш келгуси йилларда барқарор ўсиш учун пойдевор яратиши билан бир қаторда, нархлар ва валюта курсининг эркинлаштирилиши, субсидиялар қисқариши нархларни ўзгартириш ҳамда икки сонли инфляцияга олиб келди.

Ўсиш суръатлари 2017 йилдаги 5,3%дан 2018 йилда 5%гача ва 2019 йилда 5%гача пасайиши мумкин, бу эса инфляция ва савдо баланси дефицити кейинги ортиши оқибатида аҳоли реал даромадлари ўсишининг секинлашуви натижасида юз беради.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ эксперт Ўзбекистон евробондлар чиқарганидан сўнг ривожланаётган бозорлар инқирозига тушиб қолиши мумкин экани ҳақида маълум қилганди.

Мавзуга оид