Маълумки, 2017 йил 24 октябрда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири томонидан тасдиқланган “Аҳоли ўртасида ис газидан заҳарланиш ҳамда ҳаво-газ аралашмаси чақнаши билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олишга қаратилган профилактик тадбирларни кучайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар” дастури доирасида “Ўзтрансгаз” АЖ тизимида 2018 йилнинг 20 октябридан 2019 йилнинг 20 январига қадар “Турмушда газдан хавфсиз фойдаланиш ойлиги” эълон қилинган эди. 

Ушбу ойликни ўтказишдан асосий мақсад аҳолининг газ истеъмоли маданиятини ошириш, куз-қиш мавсумида газдан хавфсиз фойдаланишларига эришиш ҳамда газ билан боғлиқ турли кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олишга қаратилган бўлиб, жорий йилнинг 31 октябрь куни Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида “Газдан тўғри фойдаланиш — хавфсизлигимиз кафолати” мавзуидаги Республика семинари ташкил этилди.

Фото: Ўзтрансгаз

Дастлаб, семинар дастурига мувофиқ “Ўзтрансгаз” АЖ, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, ИИВ ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси, ИИВ ёнғин хавфсизлиги институти, Республика ёнғинга қарши кураш жамияти, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходимлари ҳамда ҳудудий газ филиаллари мутахассислари билан биргаликда болалар шаҳарчаси, (Боғча-мактаб типидаги меҳрибонлик уйи)га ташриф буюрилиб, у ерда газдан хавфсиз фойдаланиш қоидаларига оид кўргазмали тадбир ташкил этилди.

Фото: Ўзтрансгаз

Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари семинар иштирокчиларини байрамона руҳда кутиб олишди. Тадбир ташкилотчилари томонидан болажонларга табиий газдан тўғри фойдаланиш, нотўғри фойдаланишнинг салбий ҳолатлари ҳақида тушунтирилди ва уларга мавзуга доир қоидалар акс эттирилган буклетлар, эсдалик совғалари топширилди.

Фото: Ўзтрансгаз
Фото: Ўзтрансгаз

Дастурнинг иккинчи режасига асосан, Гулистон шаҳридаги МФЙлари, боғча ва хонадонларга ташриф буюрилиб, газ таъминоти ва ўрнатилган янги инновацион иситиш тизимлари билан таништирилди. Бугунги кундаги хавфсиз ва афзаллик жиҳатлари ҳақида оммавий ахборот воситалари ходимларига батафсил маълумот берилди.