Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Олмалиқдаги мактабда 12 ўқувчи сувдан заҳарлангани айтиляпти. Ўзсувтаъминот буни рад этди
15-19 сентябр кунлари Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳридаги мактабда 12 ўқувчи ўткир ичак касаллигида гумон қилиниб, юқумли касалликлар бўлимига ётқизилган. Мактаб ўқувчиларининг соғлиги ижобий, уларнинг 7 нафарига жавоб берилган.
Олмалиқ шаҳрида жойлашган ихтисослаштирилган Бухоро мактабида 12 ўқувчи юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган. Бу ҳақда Тошкент вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси маълум қилди.
Ҳолатни ўрганган Болалар омбудсмани мактаб ўқувчилари мактаб ҳудудидаги филтрланмаган сув истеъмол қилиши натижасида соғлигидан шикоят қилганини маълум қилган. Ташкилотга кўра, 15 сентябр кунидан 19 сентябр кунига қадар 12 нафар ўқувчи ўткир ичак касаллигига гумон қилиниб, юқумли касалликлар бўлимига мурожаат қилган. Маълум қилинишича, Мактаб ўқувчиларининг соғлиги ижобий, уларнинг 7 нафарига уйида даволанишга жавоб берилган.
Ҳолат Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг вилоят бошқармаси ва Тошкент вилояти Сувтаъминоти АЖ томонидан ҳам ўрганилган. Ўзсувтаъминотга кўра, Олмалиқ шаҳар сувтаъминоти корхонаси ходимлари ҳамкорлигида сувдан озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа воситалардан кимёвий таҳлил намуналари олинган. Шунингдек, ҳудудда яшовчи аҳолидан ичимлик сув сифати бўйича маълумотлар олинган ва уларда эътироз, ичимлик сув сабабли соғлиғида шикоятлар йўқлиги аниқланган. “Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг вилоят бошқармаси Олмалиқ шаҳар бўлими томонидан 20 сентябрда Бухоро мактабида олинган 4 та ичимлик сув намуналари хулосасига кўра, ичимлик сув белгиланган меъёр талабларига жавоб беради. Бу эса юқорида қайд этилган касалланган ўқувчиларининг ичимлик сувига алоқаси йўқлигини кўрсатади”, – дейилади Ўзсувтаъминот муносабатида.
Ҳолат юзасидан Олмалиқ туман прокуратураси, Болалар омбудсмани ва Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан текширув ишлари олиб борилаётгани билдирилган.
Мавзуга оид
21:04 / 24.02.2026
2025 йилда республика бўйича 44 та ҳолатда овқатдан заҳарланиш қайд этилди – Санэпидқўмита
10:01 / 24.02.2026
“Жавобгарликни ҳеч ким бўйнига олмаяпти” – Фарғона боғчаларида заҳарланган 70 дан ортиқ бола шифохонада қолмоқда
19:10 / 10.01.2026
Nestlé NAN хавотири: болаларда заҳарланиш белгилари борлиги айтиляпти
15:00 / 28.11.2025