“Ҳукуматлар турли баҳоналар билан мустақил ОАВларни таъқиб қилиб, интернетдаги контентни назорат қилишга ҳаракат қилади. Журналистлар эса кўпинча ўз профессионаллиги ва ҳақиқатпарварлиги учун ўз эркинлиги, баъзан эса ҳаёти билан ҳисоблашади”. Бу ЮНЕСКО “2 ноябрь – Журналистларга қарши жиноятлар учун жазосизликни тўхтатиш халқаро куни” муносабати билан ёдга солаётган баъзи тенденциялар, холос.
Рақамларга мурожаат қиламиз: 2012 йилдан 2016 йилга қадар 530 нафар журналист ўлдирилган. Энг кўп қурбонлар теле- ва радиожурналистлар ҳамда босма ОАВ ходимлари орасида қайд этилган. Журналистлар учун энг хавфли жойлар эса – араб мамлакатлари. Асосан халқаро журналистларнинг ўлими овоза бўлса-да, ҳалок бўлганларнинг 92 фоизи – маҳаллий мухбирлар. Таъкидлаш жоизки, журналистларга қарши жиноятларнинг 90 фоизи жазосиз қолмоқда.
БМТ бош котиби Антониу Гутерришнинг сўзларига кўра, яна бир хавотирга асос бўлувчи тенденция – ОАВда ишловчи аёлларга қарши зўравонлик ҳолатларининг ўсиши.
Шунингдек Гуттериш биргина шу йилнинг ўзида камида 88 журналист ўлдирилганини ёдга солди. “Яна минглаб нафари ҳуқуқий асоссиз турли ҳужумлар ва таъқибларга дуч келди”, - дейди у.
Рақамли журналистика – ҳукуматлар нишонида
Бугун, интернет маълумот алмашишнинг етакчи воситасига айланаётган, кучли тармоқ платформалари эса тобора кўпроқ таъсирга эга бўлаётган бир даврда, уларнинг фаолияти тартибга солинишидан манфаатдор суд ва ижрочи ҳукумат вакиллари уларга каттароқ эътибор қаратмоқда.
ЮНЕСКО маълумотларига кўра, барча минтақаларда рақамли майдонда ишлайдиган журналистлар хавфсизлигига таҳдид ўсиб бормоқда. Биргина 2015 йилдан 2016 йилгача интернет-ресурсларнинг ёпилиш ҳолатлари уч баравардан кўпроққа ошди. Онлайн-контентни фильтрлаш ва блоклаш тажрибаси кенгаймоқда. Интернет-нашрлар ходимлари тармоқда таҳдид ва таъқибларга, ноқонуний кузатувлар йўлиқишмоқда, уларга қарши турли кампаниялар ташкил қилинмоқда, веб-сайтларга киберҳужумлар қайд этилмоқда.
ОАВга ишонч пасаймоқда
Гэллап институти томонидан дунёнинг 131 мамлакати аҳолиси ўртасида ўтказилган охирги сўровларнинг кўрсатишича, одамларда ОАВ эркинлигига аста-секин таъсир ўтказилаётгани ва уларга бўлган ишонч йўқолаётганига оид тасаввур пайдо бўлмоқда.

















