18:03 / 05.11.2018
20137

Бекободда ўқитувчилар обунага мажбурланиши ортидан туман халқ таълими бўлими мудири ишдан кетди

Бекобод тумани халқ таълими бўлими бошлиғи Хасан Соибназаров даврий нашрларга мажбурий обуна тўғрисида берган кўрсатмаси учун ўз лавозимидан озод этилди. Бу ҳақида Халқ таълим вазирлиги хабар бермоқда.

1 ноябрь куни интернет нашрларида Бекободда ўқитувчилар 2019 йил учун обунага мажбурланаётгани ҳақида мақолалар эълон қилинганди. Халқ таълими вазирлиги мутахассислари ушбу маълумотларни ўрганган.

«Таъкидлаш лозимки, Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 25 январдаги 33-сонли Қарорининг 5-бандида қишлоқларда жойлашган умумтаълим мактабларини ўнтагача газета ва журналларга маҳаллий бюджет ҳисобидан обуна қилиш белгиланган.

Ушбу қарор талабидан келиб чиқиб, Бекобод тумани халқ таълими бўлимига «Тошкент ҳақиқати», «Халқ сўзи», «Бекобод овози», «Маърифат» газеталарига обуна бўлишлари учун маҳаллий бюджет ҳисобидан маблағлар ажратилган.

Тошкент вилояти халқ таълими бошқармасининг Бекобод тумани халқ таълими бўлими бошлиғи Хасан Соибназаров томонидан ўзбошимчалик билан 2018 йил 30 октябрда имзоланган 01-650/18-сонли хатида тумандаги жами 57та умумий ўрта таълим мактаблари директорларига бир неча газета ва журналларга обуна бўлиш вазифаси юклатилган.

Таъкидлаш лозимки, 2018 йил 14 августдаги Президент қарорининг 16-бандида халқ таълими ходимларининг босма нашрларга мажбуран обуна бўлишини ташкил этиш тақиқланган.

Кўрилган чоралар натижасида тумандаги умумий ўрта таълим мактабларининг ўқитувчилари Бекобод тумани халқ таълими бўлими бошлиғи хатида кўрсатилган нашрларга мажбурий обуна бўлишмаган.

Ўрганиш натижасида Бекобод тумани халқ таълими бўлими бошлиғи Хасан Соибназаров лавозимидан озод этилди ва унинг мажбурий обуна тўғрисидаги кўрсатмаси бекор қилинди.

Шу билан бирга мажбурий обунани олдини олиш бўйича керакли чоралар кўрмаганлиги ва тўлиқ назоратга олмаганлиги учун Тошкент вилояти халқ таълими бошқармасининг бошлиғи Шукур Бурҳоновга интизомий чора кўрилди.

Ушбу ҳолат юзасидан барча халқ таълими ҳудудий бошқармаларига яна бир бор мажбурий обунани олдини олиш бўйича қатъий топшириқ берилди», дейилади вазирлик матбуот хизмати хабарида.

Эслатиб ўтамиз, 1 ноябрь куни Turon24 «Бекободда ўқитувчилар 2019 йил учун обунага мажбурланмоқда» сарлавҳали материал эълон қилганди. Унда обуна пули ўқитувчиларнинг ойлигидан босиб қолиниши, бунинг учун розилик сўраб ҳам ўтирилмаслиги айтилган, ўқитувчилардан бири ўтган йили ойлигининг 10-15 фоизини обуна учун олиб қолишганини билдирганди.

Мақолада Бекобод туманидаги 57та мактабда ишловчи 2069 нафар ходим 2019 йил учун жами 3417 нусхадаги газета-журналга обуна бўлишга мажбурлиги баён қилинганди.

2 ноябрь куни эса ЎзАда «Айрим веб-сайтлар чоп этган мақоласи билан зиёлиларни маърифатдан айирмоқчими?..» сарлавҳаси остида раддия мақола эълон қилинди. Унда бекободлик бир гуруҳ ўқитувчилар журналистларни «зиёлиларни маърифатдан айирувчилар» деб аташганди. 

«Бекободда ўқитувчилар 2019 йил учун обунага мажбурланмоқда" каби уйдирмалардан сўнг ҳам кўплаб педагоглар мурожаат қилиб, китобсиз, газета-журналларсиз фаолият юритиш мумкин эмаслигини ва ихтиёрий равишда тармоқ ва ижтимоий-сиёсий газеталарга обуна бўлишларини билдирмоқдалар. Бу уларнинг шахсий фикри ва қароридир. Унга аралашишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ», дейилганди раддияда.

Top