Самарқандда ҳайдовчилар 10 миллиард сўмга яқин жарима тўлашди. Нега?
Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Самарқанд вилоятида 232 мингга яқин йўл ҳаракати қоидаларини бузиш ҳолати қайд этилган. Шундан 95 минг 900таси қўпол, 6 минг 261таси маст ҳолда транспорт воситасини бошқариш, 10 мингга яқини пиёдалар билан боғлиқ қоидабузарликлардир.
«Kun.uz» мухбири Самарқанд вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси масъул ходими Нуриддин ҲАЙИТОВ билан шу хусусида суҳбатлашди.
– Вилоятда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида комплекс чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилган ва амалиётга жорий этилган, – дейди Н. Ҳайитов. – Мазкур дастур ижроси юзасидан вилоятдаги идора ва ташкилотлар, жамоатчилик вакиллари билан келишилган ҳолда зарур чоралар белгиланган.
Хусусан, вилоят ҳудудидаги автомобиль йўллари ёқасида 74 жойда йўл ҳаракат иштирокчиларини ҳушёрликка, огоҳликка чақирувчи баннерлар, плакатлар ўрнатилди. Шунингдек, йирик савдо мажмуалари, ёқилғи қуйиш шохобчалари кириш жойларида кичик ҳажмли ва Самарқанд шаҳри кўчаларидаги 12та катта ҳажмли экранларга йўл ҳаракати қоидаларини тарғиб қилувчи видеороликлар жойлаштирилди.
Вилоят автомобиль йўлларида йўл белгилари ҳам кўздан кечирилиб, қўшимча 1713та йўл белгилари ўрнатилди ва 739 метр узунликдаги 1-гуруҳ муҳофазаловчи тўсиқлар қўйилди.
– Йўл ҳаракати ҳодисасига аксарият ҳолларда ҳайдовчилар томонидан тезликни ошириш сабаб бўлмоқда…
– Тўғри. Бундай ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган чоралар ҳам кўрилмоқда. Жумладан, вилоят ҳудудидан ўтувчи халқаро ва давлат аҳамиятидаги автомобиль йўлларига 71та тезликни ўлчаш ускуналари ва 27та йўл-патруль хизмат автомашинаси муляжи ўрнатилди.
Бундан ташқари, онлайн тизимда ишловчи 4та «Арена» русумли тезликни ўлчаш ускунаси ҳудудларга жойлаштирилди. Ушбу замонавий ускуналар ёрдамида 2 ой давомида 26 мингга яқин қоидабузарлик аниқланди. Қоидабузарлардан жами 10миллиард сўмга яқин жарима ундирилди.
– Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 19 майдаги қарори билан ҳафтанинг ҳар жума куни «Йўл ҳаракати хавфсизлиги куни» этиб белгиланди. Вилоятда қарорнинг ижроси қандай таъминланяпти?
– Ҳафтанинг жума кунлари асосий эътибор профилактик тадбирлар ва аҳоли ўртасида йўл ҳаракати хавфсизлиги тарғиботига қаратилмоқда. Шунингдек, қўпол қоидабузарликлар, хусусан, маст ҳолда автотранспорт воситасини бошқарган ва инсон ўлимига олиб келган йўл-транспорт ҳодисасини содир этган шахслар иши юзасидан маҳаллаларда ҳудудий судлар билан ҳамкорликда сайёр суд мажлислари ўтказилмоқда.
– Ушбу чора-тадбирларнинг самараси қандай бўлмоқда?
– Албатта, бу чоралар ўз натижасини бермоқда. Жумладан, йўл-транспорт ҳодисалари ўтган йилга нисбатан 7,5 фоиз, ҳалок бўлганлар сони 9,6 фоиз, тан жароҳати олганлар сони 10,7 фоиз, болалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисалари эса 27,8 фоизга камайди.
– Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашда жамоатчилик имкониятларидан қандай фойдаланиляпти?
– Автомобиль йўлларида жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида Тelegram мессенжерида бошқарманинг ўз канали, Facebook ижтимоий тармоғида саҳифалари очилган. Ушбу интернет тармоқлари орқали фуқаролардан келиб тушган маълумотлар асосида жорий йилда 417та қоидабузарлик аниқланиб, тегишли чоралар кўрилган.
Бардошбек САМАД ўғли суҳбатлашди
Мавзуга оид
18:34 / 08.11.2024
Марказий банк 7 та банк ва 2 та микромолия ташкилотини жаримага тортди
09:28 / 08.11.2024
Самарқандга 100 та электробус олиб келинади
10:53 / 07.11.2024
Миср Самарқанд вилояти туман ва шаҳарларида сув таъминоти тизимини модернизация қилиши мумкин
21:44 / 01.11.2024