Тошкент шаҳрида «Мамлакатнинг демократик янгиланиши ҳамда модернизациясида аёлларнинг роли: Ўзбекистон тажрибаси ва халқаро амалиёт» номли халқаро конференция бўлиб ўтди. Kun.uz мухбирининг хабар беришича, аёллар масалалари Ўзбекистонда биринчи марта шу қадар кенг кўламда муҳокама қилинмоқда.

Халқаро конференцияда қуйидаги мавзулар кўтарилди:

  1. Давлат бошқарувида аёлларнинг роли ва имкониятларини кенгайтириш ҳамда гендер тенглигини таъминлашнинг аҳамияти.

  2. Аёллар бандлиги ва тадбиркорлиги – оила мустаҳкамлиги  кафолати.

  3. Хотин-қизларни ижтимоий ҳимоялаш ва уларнинг саломатлигини қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоеванинг сўзларига кўра, аёллар билан ишлаш давлат сиёсати даражасигача кўтарилди.

“Ўзбекистон Президентининг февраль ойидаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида устувор йўналишлар белгилаб берилган. Шу билан бирга, йил давомида аёллар ҳуқуқини ҳимоялаш масалаларига бағишланган яна 14 ҳужжат қабул қилинди – бу давлат раҳбарининг қарорлари, фармонлари,  ҳукумат қарорлари ва б. Энг аввало, аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигига эътибор қаратилди. Бизнинг аёлларимиз барча меҳнат ресурсларининг 48 фоизини ташкил қилади. Улар орасида 514 нафар фан доктори, 6 академик, 17 сенат, 15 нафар Қонунчилик палатаси депутати, 1 Бош вазир ўринбосари, 1 вазир ва 2 вазир ўринбосари, 15 нафар “Ўзбекистон қаҳрамони”  фаолият юритади”, - дейди Бош вазир ўринбосари.

Шунингдек, маълум қилинишича, маҳаллий кенгаш депутатларининг 23 фоизи ҳамда фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва санъат соҳаларида фаолият юритаётган ходимларнинг 72 фоизи аёллардир. 285 нафар истеъдодли  қиз - Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори. 2018 йилда “Мўътабар аёл” кўкрак нишонининг таъсис этилиши аёлларга бўлган эҳтиромнинг яна бир кўринишидир.

БМТ Бош котибининг махсус вакили, Ташкилотнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Наталья Герман билдирилган ташаббус ва айни вақтида ўтказилган ушбу тадбир учун Ўзбекистон ҳукумати ва Хотин-қизлар қўмитасига миннатдорчилик билдирди.