Россия Ўзбекистонга КХШТ парламент ассамблеясида кузатувчи мақомини таклиф этди
Ўзбекистон Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг (КХШТ) парламент ассамблеяси йиғилишларида кузатувчи давлат сифатида қатнашиши мумкин. Россия давлат думаси спикери Вячеслав Володин Ўзбекистон Олий Мажлиси сенати раиси Ниғматилло Йўлдошевга ана шундай таклиф билан мурожаат қилди, деб ёзмоқда Российская газета.
Володиннинг сўзларига кўра, агарда республика делегацияси ассамблея йиғилишларида иштирок этса, бу давлат думаси томонидан олқишланади. Бу Ўзбекистон учун яхши имконият бўлади, чунки КХШТ парламент ассамблеяси келгусида Ўзбекистон учун долзарб бўлган қонунчилик йўналишларини батафсил муҳокама қилишни режалаштирган.
Булар хавфсизлик, наркотрафикка қарши курашиш соҳалари билан боғлиқ, дея аниқлик киритди Володин.
КХШТ ҳақида
Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига 1992 йил 15 майда Тошкентда асос солинган. Ўшанда Арманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон коллектив хавфсизлик тўғрисидаги шартномани имзолаган. 1993 йил 9 сентябрда Грузия, 24 сентябрда Озарбойжон ва 31 декабрда Белоруссия шартномани имзолаган.
Шартнома 1994 йил 20 апрелдан кучга кирган. Шартнома 5 йилга мўлжалланган бўлиб, узайтирилиши кўзда тутилганди. 1999 йил 2 апрелда Арманистон, Белоруссия, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон президентлари шартномани яна беш йил муддатга узайтириш тўғрисидаги протоколни имзолади, аммо Озарбойжон, Грузия ва Ўзбекистон шартномани узайтиришни истамади ва ташкилотдан чиқиб кетди.
2006 йил 16 августда Ўзбекистон КХШТ таркибига қайтадан кирди. 2012 йил 28 июнда эса Тошкент КХШТга аъзолигини тўхтатиб туришини билдирди.
КХШТнинг мақсади шартномага аъзо давлатларнинг ҳудудий-иқтисодий маконини ҳар қандай ташқи сиёсий тажовузлардан ҳамда йирик миқёсдаги табиий офатлардан биргаликда армия ва бошқа ёрдамчи бўлинмалар ёрдамида ҳимоя қилиш ҳисобланади. КХШТ ягона ҳарбий-сиёсий иттифоқ сифатида жанговар операцияларда ҳеч қачон иштирок этмаган.
КХШТ позицияларини кучайтириш учун Марказий Осиё минтақасида тезкор ҳаракатланувчи коллектив кучлар ислоҳоти ўтказилмоқда. Бу кучлар ўнта батальондан иборат: учта батальон Россияга, иккитаси Қозоғистонга тегишли, қолган давлатлар биттадан батальонга эга. Коллектив кучлар шахсий таркибининг сони 4 минг кишига яқин бўлиб, унинг 10та самолёт ва 14та вертолёти Россиянинг Қирғизистондаги авиабазасида жойлаштирилган.
Мавзуга оид
09:23 / 05.12.2024
Пашинян: Арманистон КХШТ билан муносабатларда ҳал қилувчи нуқтадан ўтди
16:33 / 25.11.2024
Ўзбек аёлларини ҳақоратлаган туркиялик стендапчи: унга қарши Истанбул прокуратурасига ариза топширилган
19:01 / 11.11.2024
Ўзбекистон ва Саудия бош прокурорлари тергов ва ахборот алмашинувида ҳамкорлик бўйича келишув имзолади
19:32 / 07.11.2024