Электр энергияни ҳисоблаш тизимидаги хатолик бартараф қилинди
Kun.uz таҳририятига фуқаролар томонидан электр энергия нархини тўлаш жараёнида юзага келган муаммо бўйича мурожаатлар келиб тушди.
Унда банк кассаларида электр энергиясининг тўлови 250 сўм тарифга асосан қабул қилинаётгани айтилган эди. Мисол учун, 7 ноябрь куни олинган квитанцияда электр энергияси тарифини 250 сўм эканини кўриш мумкин. Ваҳоланки, айни пайтда унинг нархи 228,60 сўмга тенг.
Ҳукумат қарорига асосан, 2018 йил 16 ноябрдан бошлаб маиший истеъмолчилар учун электр энергияси нархи 250 сўм қилиб белгиланган.
Бу муаммо бўйича Хоразм вилояти ҳудудий электр тармоқлари корхонасининг ахборот технологиялари бўлими бошлиғи Дониёр Аширов билан учрашиб, суҳбатлашдик.
У бизга қуйидаги маълумотларни етказди.
«Дарҳақиқат 2-3 кун олдин банк тўлов кассаларида шундай муаммо юзага келганидан хабар топдик. Унда электр энергияси тарифи 250 сўм қилиб белгиланганини кўриш мумкин. Барча банкларнинг касса дастури «Электр энергияси ҳисобини юритиш дастури»га уланган бўлиб, тарифлар миқдори ҳақидаги маълумотни биздан олади.
Гап шундаки, дастурчиларимиз янги нархни тизимга киритишга хатога йўл қўйган ва 16 ноябрь кунидан эмас, ундан эртароқ 250 сўм қилиб белгилаб юборишган. Банклар ва тўлов тизимлари бизнинг дастуримизга улангани сабабли, квитанцияларда шу нарх кўрсатилиб кетган. Бу муаммо аниқлангани заҳоти Республика миқёсида уни бартараф қилиш чоралари кўрилди. Айни пайтда дастурдаги нарх аввалги кўринишига, 228,60 сўмга қайтарилди.
250 сўмдан ҳисобланган тўловлар автоматик тарзда 228,60 сўмдан қайта ҳисобланди ва хатолик тўғриланди. Бунда истеъмолчиларнинг хавотир олишига ҳеч қандай ўрин йўқ. Дастур барча ҳисоб-китобларни автоматик тарзда тўғирлади», - деди Аширов.
Банк тўлов кассаларида бу муаммони текширганимизда квитанцияларда тариф дарҳақиқат 228,60 сўм эканига гувоҳ бўлдик.
Нурмуҳаммад Саид
Мавзуга оид
01:06 / 29.08.2024
Швейцария янги АЭСлар қурилишига қўйилган тақиқни бекор қилиши мумкин
10:40 / 22.08.2024
Санкциялар туфайли Москвада электр энергияси тақчиллиги келиб чиқиши мумкин
20:26 / 07.08.2024
Электр энергияси ҳисоби учун янги биллинг дастури ишга туширилди
18:51 / 07.08.2024