Спорт | 18:05 / 10.11.2018
7697
3 дақиқада ўқилади

47 мамлакатдан 350 спортчи. Тошкентда дзюдо бўйича Гран-при мусобақаси бўлиб ўтмоқда

47 мамлакатдан 350 спортчи. Тошкентда дзюдо бўйича Гран-при мусобақаси бўлиб ўтмоқда

Айни кунларда Тошкентдаги «Ўзбекистон» спорт мажмуасида дзюдо бўйича Гран-при мусобақаси бўлиб ўтмоқда. Кеча, 9 ноябрда бошланган турнир якшанба куни якунига етади.

Мусобақа Олимпия ўйинлари лицензияси учун муҳим рейтинг очколарини тақдим этиши билан аҳамиятли. Унда 47 мамлакатдан 350 нафарга яқин спортчи иштирок этмоқда.

Тошкент Гран-присида биринчи ўринни қўлга киритган спортчилар рейтинг очколарини ишлаб олиш билан биргаликда 3000 доллар мукофот пулига ҳам эга бўлади. Бунда дзюдочининг ўзига 2400 доллар, унинг мураббийига 600 доллар тақдим этилади. Кумуш ва бронза медалига сазовор бўлган спортчи ва мураббийлар мос равишда 2000 (1600+400) ва 1000 (800+200) доллар билан мукофотланади.

Биринчи кунги мусобақаларда эркаклар ўртасида -60 ва -66 кг, аёллар ўртасида эса -48 кг, -52 кг, -57 кг вазн тоифаларида баҳслар бўлиб ўтди. Уларда уч нафар ўзбекистонлик дзюдочи шоҳсупага кўтарилди.

-60 кг вазн тоифасида гиламга чиққан Диёрбек Ўрозбоев кун давомида Эрон, Германия ва Мўғулистон вакилларини мағлубиятга учратиб, финалга йўл олди. Ҳал қилувчи жангда у бошқа бир мўғулистонлик спортчи Болдбаатар Ганбатга қарши баҳс олиб борди ва имкониятни бой бериб қўйди. Натижада у кумуш медални Халқаро ҳаваскор бокс ассоциациясининг (AIBA) айни пайтда Тошкентда бўлиб турган президенти Ғофур Раҳимов қўлидан қабул қилиб олди.

Шунингдек, -66 кг вазн тоифасида баҳсларда қатнашган Сардор Нуриллаев финалга қадар Қирғизистон, Россия, Мўғулистон, Озарбайжон вакилларидан устун келди ва олтин медаль учун баҳсда словениялик Адриан Комбоккадан енгилди. Натижада 9 ноябрь кунги эркаклар ўртасидаги ҳар икки вазн тоифасида ҳам финалга чиққан Ўзбекистон вакили кумуш медаль билан кифояланди.

-66 кг вазнда жангларда иштирок этган бошқа бир мезбон спортчи Шаҳрам Аҳадов Исроил ва Сербиядан ташриф буюрган атлетларни мағлубиятга учратди. Аммо чорак финалда озарбайжонлик рақибга имкониятни бой бериб қўйди. Бронза медали учун курашда у Мўғулистон ва Россия терма жамоаси аъзоларидан устун келиб, Тошкент Гран-приси совриндорига айланди.

Шу тариқа, ўзбекистонлик дзюдочилар мусобақанинг биринчи кунида 2 та кумуш ва 1 та бронза медалларини қўлга киритишди.

Бугун, 10 ноябрь куни мусобақанинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Халқаро дзюдо федерацияси спорт директори Владимир Барта, Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Жасур Матчанов ва  Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев сўзга чиқди. Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳияси янгради ва турнир расман очиқ деб эълон қилинди.

 

Мавзуга оид