Ўзбекистон | 16:27 / 14.11.2018
7334
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг етакчи меҳмонхона ва хостеллари раҳбарлари ХСТУга қўшилиш истагини билдиришди

Фото: booking.com

KUN.UZ’да Ўзбекистон Хусусий сайёҳлик ташкилотлар уюшмаси (ХСТУ) ўз тузилмасида меҳмон уйларини қўллаб-қувватловчи ва ривожлантирувчи бўлим фаолиятини йўлга қўйишни режалаштираётгани ҳақида хабар берилган эди.

Энди эса Ўзбекистоннинг етакчи меҳмонхона ва хостеллари раҳбарлари туристик бизнес вакилларининг конструктив ва самарали мулоқоти учун платформа вазифасини ўтовчи жамоатчилик ташкилотини тузиш ёки мавжуд ташкилотлардан самарали фойдаланиш зарурати ҳақида гапира бошлашди, дея хабар беради KUN.UZ мухбири.

Бугунги кунда туристик операторлар, меҳмонхоналар ва хостеллар ўртасидаги асосий ҳамкорлик масалалари бўйича ҳамфикрликнинг йўқлиги сайёҳларга хизмат кўрсатиш сифати ошишига тўсқинлик қилмоқда ва бу муаммо тезкор ечимни талаб қилади. Ўзбекистон Хусусий сайёҳлик ташкилотлар уюшмаси туристик операторлар ва жойлашув воситалари эгаларини бирлаштирувчи ана шундай майдон сифатида кўрилмоқда.

Туристик бизнес вакиллари бу борада қандай фикрда?

Orient Star Samarkand меҳмонхонаси бош директори Мурод Саидаминов:

“Отельерлар ва туристик компанияларга конструктив ва самарали мулоқот учун туртки берувчи, уларни бирлаштирувчи ташкилот керак. Саволлар кўп ва соҳа ривожи учун уларни имкон қадар тезроқ ҳал қилиш зарур. Бу йўлда янги жамоатчилик бирлашмасини тузиб велосипед ихтиро қилиш эмас, мавжуд ташкилотлардан бирининг имкониятларидан фойдаланиш тўғри бўлар эди, деб ўйлайман. Бизнинг меҳмонхонамиз ХСТУ сафига қўшилишга тайёр эканини маълум қилади”.

HOTELIOS, OrexCA.com,  Otpusk.uz бошқарувчи ҳамкори Леонид Ибрагимов:

“Ўзбекистон хусусий сайёҳлик ташкилотлари уюшмаси нафақат туристик операторлар, балки туристик бизнеснинг бошқа ўйинчилари, хусусан меҳмонхоналар ва хостелларни ҳам бирлаштирувчи ўйинчи бўлиши мумкин, зеро бугунга келиб ХСТУ туристик бозордаги энг фаол жамоатчилик бирлашмаларидан бири ҳисобланади. Ягона платформа барча ўйинчиларнинг самарали ривожланишига имкон берувчи янги ва самарали лойиҳаларни бошлашга туртки бериши муқаррар. Биз ниҳоят барчамиз бир бўлиб хизматлар нархи борасида келишиб олишимиз, уларни бозорнинг барча ўйинчилари ва умумий мижозлар  манфаатларини инобатга оладиган қилиб оптималлаштиришимиз мумкин. Шу билан бирга, ниҳоят хорижий интернет-майдонларга муқобил бўлган меҳмонхона номерларини банд қилишга доир маҳаллий интернет-майдон фаолиятини йўлга қўйиш имконига эга бўлар эдик. Муҳокама учун мавзулар жуда кўп”.

CAPSULE хостели бош директори Саидазим Юнусхўжаев:

“Доимий мижозларимиз орасида хорижий меҳмонлар кўп. Бу бугунга келиб одамларнинг тобора кўпроқ минимал бюджет билан бутун дунё бўйлаб саёҳат қилиш истагини билдираётгани натижасидир. Юқори даражали хизмат кўрсатувчи хостеллар туризм инфратузилмасининг ажралмас қисмидир. Шу боис биз фаол мулоқотга киришиш ва туристик операторлар билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдормиз. Хусусий сайёҳлик ташкилотлар уюшмасига қўшилганимиздан кейин янги ҳамкорларни топишга умид қиламиз”.

ХСТУ раиси Гулчеҳра Исроилова бунга қандай муносабат билдирди?

Ўзбекистон Хусусий сайёҳлик ташкилотлар уюшмаси  ўз тузилмасида меҳмон уйларини қўллаб-қувватловчи ва ривожлантирувчи бўлим фаолиятини йўлга қўйиши ҳақида маълум қилганидан сўнг етакчи меҳмонхона ва хостеллар эгалари ҳам шундай ташаббус билдиришди. Биз ХСТУ тузилмасида меҳмонхона бизнесини ривожлантириш масалалари билан шуғулланувчи бўлим фаолиятини йўлга қўйишга тайёрмиз. Дарҳақиқат, туристик операторларда ҳам, меҳмонхона ва хостелларда ҳам ҳамкорликдаги ечимни талаб қилаётган масалалар талайгина. ХСТУ уларнинг барига кўмак беради, албатта. Бу Ўзбекистонда туристик хизматлар бозори ривожланиши ва сайёҳларга хизмат кўрсатиш сифати ошишига туртки беради. Бу эса туристик бозорда фаолият юритувчи ҳар бир ишбилармоннинг якуний мақсадидир”.

Мавзуга оид