«Ҳафтасига 2,5 соат» ҳаётингизни қандай ўзгартириши мумкин?
Агар буни ҳафтасига бор-йўғи 2,5 соат бажарсангиз, вақтидан илгари ўлим эҳтимолини деярли 30 фоизга камайтирасиз. Бундан ташқари, юрак қон-томир касалликларига чалиниш эҳтимоли ҳам 20 фоизга камаяди. Гап жисмоний фаоллик ҳақида бормоқда.
2003 йилдан 2010 йилга қадар етти йил мобайнида канадалик олимлар жисмоний фаолликнинг ҳаётимиздаги ўрнини ўрганиш бўйича тадқиқот олиб боришди. Унда 35 ёшдан 70 ёшгача бўлган 130 мингта одам иштирок этди. Улар турли мамлакат вакиллари бўлиб, ҳаёт даражалари ҳам турлича эди.
Тадқиқот якуни жуда қизиқ. Агар юрак қон-томир касалликлари, инфаркт ёки инсультнинг юзага келиши эҳтимолини камайтиришни истасак, ҳаракатланишимиз лозим. Ҳафтасига ҳеч бўлмаганда 150 дақиқа (2,5 соат). Ҳар қандай жисмоний фаоллик ҳисобга олинади. Бу одатий уй тозалаш ёки сайр бўлиши мумкин. Албатта, спорт залида ҳам шуғулланиш мумкин – ортиқчалик қилмайди. Соғлик нуқтаи назаридан ҳар қандай фаоллик тўғри келади.
Замонавий ҳаётда тобора «ўтириш ҳолатидаги ҳаёт тарзи»га амал қилмоқдамиз. Бунга офисдаги иш ва жамоат ҳамда шахсий транспорт тизимининг ривожланиши сабаб бўлмоқда. Фаол турмуш тарзига оид кўплаб тадқиқотлар ўтказилишига қарамай, одам тобора «кўп ўтиришда давом этяпти». Натижада ортиқча вазн, кўплаб касалликларга мойиллик юзага келмоқда.
Ҳафтасига 150 дақиқа – кунига 20 дақиқадан бироз ортиқ дегани. Кўпчиликнинг жисмоний фаоллиги ундан ҳам камроқ. Бу вақт давомийлигини ошириш бўйича маслаҳатлар қуйидагилардан иборат:
- Ишгача ҳеч бўлмаганда бир бекат пиёда юринг;
- Зиналар ҳисобига лифтлардан воз кечинг;
- Агар машинада юрсангиз, машинангизни ишхона ёки учрашув жойидан узоқроқда қолдиринг;
- Дўконга пиёда боринг;
- Кечки пайт пиёда юриш учун 10 дақиқа вақт ажратинг.
Агар бу бандлардан бир нечтасини бажаришга ҳаракат қилсангиз, жисмоний фаоллигингиз ортади. Айтганча, ҳаракатнинг яна бир ижобий жиҳати зўриқишни енгишда ёрдам беради. Кечки маҳалдаги сайр кишига хотиржамлик бахш этади. Синаб кўринг!
Сиз ҳаракат ҳақида қандай фикрдасиз? Кунига ҳеч бўлмаганда 5 минг қадам босиб ўтасизми?
Мавзуга оид
15:19
Уларни ҳар куни ютамиз: ҳавони ифлослантирувчи 10 та энг зарарли модда
12:53 / 10.11.2024
Янги тадқиқот ижтимоий тармоқларнинг зарари ҳақидаги стереотипни рад этди
17:59 / 08.11.2024
Британияда эркак газли ичимликларга қарамликдан қутулиш учун гипноздан фойдаланди
16:09 / 04.11.2024