Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг январь ойида Қашқадарё вилоятига қилган ташрифи давомида вилоятда чорвачиликни ривожлантириш, соҳага наслдор қорамоллар олиб кириш, уларни замонавий технологиялар асосида парваришлаш, етиштирилган қорамолларни жойида қайта ишлаш ва бунинг учун зарур шарт-шароитлар яратиш ҳақида сўзлаганди. Айтиш мумкинки, бу борада вилоят миқёсида анча-бунча ишлар амалга оширилди.
Аммо вақти-вақти билан шундай ҳолатлар ҳам учраб турадики, эшитган ёки кўрган одамнинг дилини ғаш этади. Янада аниқроқ айтиладиган бўлса, яхши ниятлар билан ва шу билан бирга катта маблағлар эвазига хориждан наслдор чорва олиб кирган фермерлар қийин ҳолда қолса, уларнинг талаблари қонун доирасида қаноатлантирилмаса? Бундан кўп нарса зарар кўради, айниқса, фермер. Бу зарарлар нималардан иборат? KUN.UZ’га йўлланган навбатдаги мурожаатда айнан мана шу саволларга жавоб қидирилади.
Қашқадарё вилоятининг Касби туманида фаолият олиб борувчи «Денов Насл Чорва» МЧЖ бугунга келиб қийин ҳолга тушиб қолган. Гап шундаки, мазкур фермер хўжалиги чорвачиликни ривожлантириш бўйича Касби туманининг 2017-2021 йиллар ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига киритилган. Мазкур дастурни амалга ошириш мақсадида «Денов Насл Чорва» фермер хўжалиги Касби Халқ банкидан 117 минг АҚШ доллари миқдорида кредит олади ва пулларга Украинадан 2018 йилнинг 2 сентябрь куни 69 бош наслли қорамол олиб келинади. Жами қорамол бош сони эса 100 бошдан ошади. Бу ҳақда мазкур фермер хўжалиги раҳбари Акромжон Новотов шундай дейди.

— Бир неча марта Касби тумани ҳокими номига чорва молларига озуқа захираси яратиш учун ер сўраб ариза билан мурожаат қилдик. Ёзган аризамиз туман ҳокими томонидан виза қўйилиб, тегишли мутахассисларга ўтказилган, лекин ушбу мутахассислар томонидан на амалий ёрдам кўрсатиляпти, на бизга ҳеч қандай жавоб хати берилмасдан қолиб кетди.
Шундан сўнг, Қарши шаҳрига ташриф буюрган президент виртуал қабулхонаси ишчи гуруҳига мурожаат қилдик. Ушбу мурожаатимиздан сўнг, Касби туман ҳокимлигининг мутасадди вакиллари туман ҳудудидан чорва моллари учун озуқа етиштиришнинг имкони йўқ бўлган жойдан, муаммони босди-босди қилиш мақсадида, хўжакўрсинга ер ажратиб беришмоқчи бўлишди. Аслида, ажратиб беришмоқчи бўлган ер майдонида экинларни суғориш учун сув олиб боришнинг имкони йўқ, сув насосларини ишлатишнинг ҳам умуман имкони йўқ, чунки электр тармоғи ўтмаган.

















