Жамият | 19:30 / 20.11.2018
41169
6 дақиқада ўқилади

Қаюм Шодиев 99 ёшида ҳаётдан кўз юмди

Қариндошлари, яқинлари ва дўстлари уни қандай хотирлайдилар? Кимдир уни елкалари кенг ва доим кулиб турадиган буважон сифатида эсласа, кимнингдир хотирасида у меҳмондўст ва марҳаматли Қаюм дода сифатида сақланиб қолади. Яна кимларнингдир кўз олдида Қаюм Шодиевич кучли, ақлли, бироқ камтарин меҳнаткаш инсон – минглаб ватандошларимиз билан биргаликда Мирзачўлни ўзлаштиришда фаол иштирок этган заҳматкаш муҳандис сифатида гавдаланади. 

Эҳтимол, бу исмни эшитган баъзи инсонларнинг кўз олдида Шодиевлар авлодлари: Ҳаким, Наби, Қосим, Фозил, Қобул, Фаттоҳ, Рауплар ҳозир бўлар. Ҳар ким ўз ҳолича ҳақдир.

Мулла Шоди ўғли Қаюм Шодиев ўтган аср бошларида дунёга келган. Камтаргина қишлоқ оиласида ўсиб-улғайган, онасидан эрта айрилган Қаюм отаси қўлида тарбия топган. У болалигидан ўткир ақл ва раҳмдил юрак соҳиби экани билан ажралиб турган.

Унинг келгусида қандай касбни эгаллаши болалигидан маълум эди. Бунга отаси Мулла Шодининг жиззахлик қишлоқ меҳнаткашларининг Мирзачўлни ўзлаштириш, уни гуллаб-яшнаган водийга айлантириш орзулари ҳақидаги иш устидаги суҳбатлари сабаб бўлган, десак муболаға бўлмайди. Тўқимачилик институтини тугатиб, муҳандис-механик сифатида меҳнат фаолиятини бошлаган.

Андижон ва Тошкент  вилоятларидаги иккита пахта заводини тиклаш ишларида фаол иштирок этган. 1950 йилдан 1960 йилгача Мирзачўлдаги йирик Жиззах пахта заводида директор лавозимида фаолият юритган.

Қаюм Шодиев 1964 йилда Пахтани қайта ишлаш саноати вазирлиги ҳайъати қарорига мувофиқ Сирдарё вилоятида пахта тайёрлаш ва қайта ишлаш бошқармаси бошлиғи этиб тайинланган. Ўша вақтда эса бу унинг йирик бир республика ривожини белгилаб берадиган иқтисодий ва сиёсий арбоблар қаторидан ўрин эгаллаганини англатарди. Фидокорона хизматлари учун Қаюм Шодиев «Фахрий белги» ордени билан мукофотланган.

1979 йилда Қаюм Шодиев Жиззах вилояти пахта тайёрлаш ва қайта ишлаш бошқармасига раҳбар этиб тайинланди. Вилоятнинг ҳар бир пахта заводида, ҳар бир пахта тайёрлаш пунктида Қаюм Шодиевнинг исталган вақтда ташриф буюриб қолишини ва бунда дарҳол ўзгаларнинг кўрсатмаларисиз бажарилган ишлар ҳақида, қанча хомашё келиб тушгани, қанча пахта толаси чиқарилгани ҳақида аниқ ва тўғри ҳисобот бериш талаб этилишини яхши билар эдилар. У бефарқ ва билимсиз инсонларга тоқат қилолмас эди. Ўзи ҳам табиатан серғайрат, кучли иродага эга, хотирасида юзлаб сонларни, саналарни, исм-шарифларни сақлаб турадиган қобилиятли инсон бўлган. Қўл остидагилардан ҳам фикрни бир ерга жамлай олишликни, ташаббускорликни, кутилмаган вазиятларда ечим топишга қодир бўла олишни талаб қилган.

Қаюм Шодиевнинг заҳматкаш ўзбек халқининг асл ўғлони сифатида чўл-даштларни обод қилиб, гуллаб-яшнаган водийга айлантиришдаги хизматлари жуда катта. У фақат дарахт экиш билан чекланмай, фахрланса арзийдиган етти ўғилни тарбиялаб вояга етказди – барчасини оёққа турғазди, илмли қилди, таълим берибгина қолмай, уларга яхши инсон, ватанига фидойи бўлиш каби муҳим фазилатни сингдирди.  

Камтарин ва ҳаётни севувчи Қаюм Шодиев: «Аллоҳнинг ғазабини қўзғатманг, сабрли бўлинг, бир-бирингизга меҳрибон ва оқибатли бўлинг» деб кўп такрорларди. Унинг бутун ҳаёти ва хатти-ҳаракатларига шарқона донолик ва оқиллик сингиб кетган эди.  

Қаюм Шодиевдан турмуш ўртоғи Матлуба она билан фарзандларини бу қадар ҳурматли ва яхши инсонлар қилиб тарбиялашга қандай муяссар бўлгани ҳақида сўраганларида, шундай жавоб берарди: «Болаларни меҳр ва муҳаббатда ўстириш керак, айнан у боланинг юрагини илитади ва улар фикрларини соф, ўзларини олижаноб ва ҳимматли қилиб вояга етказади. Болани яхши боқиш зарур – оч бола дунёга ғазаб кўзлари билан боқади. Мен болаларимга  яхши таомлар берганман – улар ҳам тўкин дастурхон билан уни менга қайтардилар. Уларни яхши кийинтирганман – улар жамоат ичида ўзини тута оладиган, кўркам инсон бўлиб ўсдилар. Мен уларга бор муҳаббатимни бердим – менга уни улар етти баробар қилиб қайтардилар. Экканингни ўрасан, деб бекор айтмаган доно халқимиз».

У ҳеч қачон миннатдорчилик билдиришларини кутган эмас, у фақат бир нарсани хоҳларди – у бу ишларнинг барчасини ким учун ва нима учун қилаётганини англаб етишларини. У ёрдам бера олган оддий завод ишчиси томонидан чин юракдан айтилган «раҳмат» ёки ёлғиз онанинг кўзларидаги хурсандчилик нурлари унинг учун ҳар қандай расмий миннатдорчилик ва мукофотлардан ҳам қадрли бўлган.

Айнан мана шундай инсонлар буюк аждодларнинг шонли йўлларини давом эттирган ҳолда, жамият муваффақиятларини белгилаб берадилар. Айнан мана шундай инсонлар бутун бир миллатнинг, халқнинг авлодлараро анъаналари ва асрий муносабатларининг энг мустаҳкам ва муҳим бўғини бўлиб ҳисобланадилар. Айнан улар фаровон ва сернеъмат ўзбек ерининг кўзга кўринмас қаҳрамонларидир. Қаюм Шодиев ҳам мана шундай инсон эди ва у хотирамизда шундайлигича сақланиб қолади.

Марҳумнинг қариндошларига ва яқинларига чуқур таъзия билдириб қоламиз.

Умида Ҳусаинова,  

Халқаро Шодиев Фондининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси координатори.

Мавзуга оид